13:30 / 24.01.2022
6327

Чилонзордаги омборхоналарнинг бирида ёнғин чиқди (видео)

Тошкент шаҳри Бунёд кўчасидаги омборхонада ёнғин юзага келди. ФВВ ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

24 январь куни интернетда Тошкент шаҳридаги саноат зоналаридан бирида йирик ёнғин рўй бергани акс этган видеолар тарқалди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, ҳодиса Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Бунёд кўчасида жойлашган омборхоналарнинг бирида содир бўлган.

Маълум қилинишича, туман ФВ бўлимига соат 09:58да ёнғин тўғрисида хабар келиб тушган. Шунга кўра, 12та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 10:04да етиб борган ва ёнғин соат 10:57да қуршаб олинган. Соат 12:58да ёнғин бартараф этилган.

«Ёнғин натижасида омборхонанинг тахминан 600 кв.м. майдонида томи, шифти ва ички қисмида сақланаётган маҳсулотлар ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот келиб тушмади», дейилади хабарда.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Top