Ўзбекистон | 18:27 / 28.01.2022
29145
3 дақиқада ўқилади

Президент дарс ўтиш маҳорати паст бўлган педагогларни танқид қилди

Ўзбекистонда 2021 йилда 84 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ОТМга кирмаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, йиғилишда мактаблардаги таълим сифати ва мазмунига кескин баҳо берилган.

Таълим-тарбия — келажак, ҳаёт-мамот масаласи экани қайд этилган.

«Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз», дейди президент.

Давлат раҳбари мактаб фақат Халқ таълими вазирлиги зиммасидаги масъулият эмаслигини таъкидлади.

«Агар кимда-ким мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши, деб ўйласа, мутлақо янглишади.

Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин», деган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақатгина назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, ўқувчиларни мантиқий фикрлашга, амалий кўникмаларни шакллантириш, бир сўз билан айтганда, уларни ҳаётга тайёрлашга ўргатмайди.

Бугунги кунда 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқ ҳисобланади.

«Бу педагогларнинг дарс ўтиш маҳорати етарли эмас. Улар ўқувчиларга фақатгина ўзи чала билган нарсаларни ўргата олади, холос. Сабаби ўқитувчиларнинг ўзининг устида мустақил ишлаш ва рағбатлантиришнинг самарали тизими яратилмаган. Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, кўпроқ соат олишга интилади», деган президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мактабларда ҳанузгача 200 дан ортиқ ҳисобот мавжуд, ўқитиш, тадбирлар ўтказиш каби барча жараёнлар ҳаддан ташқари қолипга солинган.

Йиғилишда мактаб таълим тизимидаги камчилик ва муаммолар санаб ўтилган.

Бугунги кунда республика бўйича 1 695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, 179 та пахсадан қурилган мактаб мавжудлиги, 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарурлиги танқид қилинган.

Бундан ташқари, янги массивлар барпо этилиши, қишлоқ инфратузилмаси кенгайиши ва аҳоли ўсиши натижасида яна 270 та мактаб қуришга эҳтиёж бор. Ҳозирда 2,3 мингта мактабнинг спорт зали мавжуд эмас.

Таълим сифати паст бўлган 84 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ўтган йили олийгоҳга кирмаган. Мактаб кутубхоналаридаги китоб фонди йиллар давомида янгиланмаган. Миллий мусиқа анжомлари атиги 615 та мактабда мавжуд ҳисобланади.

Мавзуга оид