Ўзбекистон | 16:41 / 31.01.2022
10325
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик биолог: Илк вакцина мусулмон олими томонидан яратилган

Биолог олим Бахтиёр Расулов эмлашга оид дастлабки амалиётлар шарқда, машҳур тиб олими Абубакр ар-Розий томонидан амалга оширилгани ҳақида ёзмоқда. Ар-Розийнинг бу борадаги асарлари Европа университетларида асосий қўлланма сифатида ўқитилган.

Фото: Facebook / Бахтиёр Расулов

«Абубакр Муҳаммад Ибн Закариё ар-Розий (865-925) ўрта асрларда Европада Рҳазес номи билан машҳур бўлган олимдир. Замонавий вирусология асослари ўқитилаётганда бу олимнинг илмий меросига ҳам тўхталиб ўтилади.

Ар-Розийнинг «ал-Жудари ва ал-Ҳасбаҳ» («Чечак ва қизамиқ») рисоласи ўрта асрларда лотин ва Европанинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, университетларда асосий қўлланма сифатида ўқитилган. У чечак вируси қонда пайдо бўлганда қандай ўзгаришлар бўлиши ва бошқа касалликлардан фарқли равишда юқумли эканини исботлаб беради.

1911 йилдан сўнг қатор хорижий нашрлар ар-Розийнинг кўрсатмалари ғоятда тўғри эканини эътироф эта бошлаган. «Касалликнинг дастлабки мавжудлиги тўғрисидаги энг ишончли далиллар форс шифокори ар-Розий томонидан ёзилган, унинг белгилари аниқ тасвирланган, унинг патологияси гуморал ёки ферментация назарияси билан изоҳланган ва уни даволаш бўйича кўрсатмалар берилган» (Ҳашемпур эт ал., 2017).

Ар-Розий таърифи асосида чечакни даволаш учун чечак билан касалланган ҳайвон қони зардобини тайёрлаш технологияси ишлаб чиқилади. Бу содда усул ҳозирги эмлашнинг асоси ҳисобланади. Бу усул ёрдамида ўрта асрларда мусулмон мамлакатларда касалларни даволаш йўлга қўйилади. Бу вирус касалликларига қарши илк вакцина ҳисобланади.

Чечакдан даволанишнинг бу усулини Европага 1734 йилда Мери Уортли Меонтегрю олиб келади. Бу усул тезда самара беради. Шундан сўнг инглиз шифокори Эдвард Женнер қорамолдан зардоб олиш усулини ишлаб чиқади. Айнан Женнер эмлашни кашф этган инсон бўлиб тарихга киради. Бироқ юқорида айтилганидек, мусулмонлар асрлар давомида чечакдан даволанишда ҳайвонлардан олинган зардоблардан фойдаланиб келган, бу усул такомилга етказилган эди.

Ар-Розий мисолида мусулмонларнинг илмда ҳам пешқадам бўлгани, уларнинг илмий мероси Европада ўрганилганини кўриб ўтдик. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонлар зардоблар асосида вирусли касалликларни даволаш усулини ишлаб чиқишган ва бу илк вакцина ҳисобланади»,– дея ёзади Б.Расулов ўз саҳифасида.

Мавзуга оид