Ўзбекистон | 19:16 / 20.09.2022
18725
4 дақиқада ўқилади

Помидор ҳам фақат бойнинг дастурхонигами? Жуда кўп ишлатиладиган бу маҳсулотнинг нархи 10 минг сўмдан ошди

Мақола муаллифи Андижоннинг Асакасида улғайган. Иттифоқ даврида биз болалар ҳовлидан пақирлаб помидор териб, кўп қаватли уйларга олиб бориб 1 сўмдан сотардик. Ўша пайтда қассобдаги мол гўшти 5 сўм эди. Бир пақирга ўртача 8-10 кг помидор кетишини ҳисобга олсак, бу маҳсулотнинг килоси 10-12 тийин атрофида бўларди. Яъни бир кг гўшт пулига 40-50 кг помидор олиш мумкин бўлган. Хўш, бугун-чи?

Фото: KUN.UZ

Айни кунлар пишиқчиликнинг охирги дамлари, бозорларда тўкинлик. Лекин ҳамма рўзғорда кундалик ишлатиладиган помидор нархи жуда қиммат. Энг арзон бозорбоплари 6-7 минг бўлса, олди 12-15 минг сўмгача чиқиб кетди. Етакчи супермаркетларда саралаб олиниши ҳисобига бундан ҳам қиммат. Бугунги кунда гўшт нархини 80 минг деб оладиган бўлсак, бир кило гўшт пулига 8-10 кг помидор келиши маълум бўлади. Кўринадики, ё помидор жуда қиммат, ё гўшт жуда арзон.

Хўш, ҳамма томорқаларда пишиб тўкилиб ётадиган бу неъмат нега йилдан йилга камайиб, танқислашиб бормоқда?

Шерзод Жалилов, харидор, Тошкент:

– Пойтахтнинг гавжум жойларидан бирида, Фарҳод бозорининг рўпарасида яшайман. Биласиз, бу бозор нисбатан арзонлиги билан машҳур, жуда кўп жойлардан харидорлар келишади. Ҳар йили катта юк машиналарида келтириб сотиладиган помидорлар бу йил йўқ негадир. Энг катта сотувчида ҳам нари борса бир неча яшик помидор кўряпман.

Билишимча, бу йил жуда кўпчилик банка ҳам ёпа олмади. Нархлар бунақа бўлганидан кейин банка ёпишдан маъни йўқда. Бу муаммолар қопқоқ, банка савдосини ҳам тўхтатди. Қишга бориб ҳали тузламалар роса қиммат бўлса керак. Ҳозир бу бозордан 7 минг сўмдан олинган помидорга кўнглингиз тўлмайди. 10 минг сўмлигига эса истасангиз истамасангиз оғринасиз.

Сирожиддин Ўроқов, деҳқон, Самарқанд:

– Яқин-яқингача ҳам биз яшайдиган ҳудудларда жуда кўп помидор етиштириларди. Прицепларда олиб бориб заводларга топширардик. Ўзимиз эшак араваларга ортиб, шаҳарга олиб бориб сотиб келардик. Арзон бўлса-да, банка ёпиш мавсумида дурустгина даромад қилардик. Сўнгги йилларда ҳатто рўзғор учун ўзимиз ҳам сотиб оляпмиз. Касаллик кўпайган, ҳосилдорлик паст, даромад бермагани камлик қилгандек меҳнат ва ўғитга куйганимиз қоляпти.

Аллақандай оқ пашша тушади ва пояни ҳам, ҳосилни ҳам илма-тешик қилиб ташлайди. Кўпинча поя ҳали ҳосилга кирмай қовжираб қоляпти. Шунинг учун биз тарафдаги жуда кўпчилик деҳқонлар нисбатан чидамли, сақлаш осон бўлган Кавказ ловияси етиштиришга ўтиб кетишди. Шу билан помидорга қайтмасак ҳам керак.

Бахтиёр Расулов, биолог олим:

– Назаримда, бу борадаги муаммоларнинг бошланғич босқичидамиз. Ҳали нархлар ошиши, маҳсулот танқислиги янада кучайиши мумкин. Чунки аграр соҳада илм узоқ йиллар ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Селекция ишлари ўлда-жўлда, оддий помидорда ҳам хориж уруғчилигига суяниб қолдик. Миллий ген банки муҳимлиги бўйича жуда кўп марта бонг урдик, афсус, ҳеч ким эътибор бермади.

Куни кеча пойтахт яқинидаги Қибрай туманида қатор иссиқхоналарни кўздан кечирдим. Ер унумдор, сув етарли, меҳнат қилиняпти. Лекин кўчат ҳам, ҳосил ҳам ёппасига бой бериляпти. Тадбиркорлар ҳосилга кирмаган пояларни юлиб ташлашга мажбур бўлмоқдалар. Ўрнига умид билан қайта кўчат қадаляпти.

Асосий муаммо – касалликлар. Симптомларига кўра, ҳозир иссиқхоналарда энг кўп тарқалаётган касаллик томат мозаикаси (қўзғатувчиси Tomato mosaic tobamovirus вируси) ёки итузумдошлар фитоплазмаси (қўзғатувчиси Tomato stolbur phytoplasma) эубактерияси. Авваллари камроқ учрарди, ҳозир негадир жуда кўпайди. Бу масалага зудлик билан эътибор қаратилмаса, вазият янада мураккаблашаверади.

Албатта, барча эҳтиёт чораларини кўриб ишлаётган, яхши ҳосил олаётган йирик иссиқхоналар ҳам бор. Лекин улар асосан экспортга эътибор қаратишади. Ички бозор эса кичик деҳқонлар, томорқалар ҳисобига тўйинади.

Кўринадики, бу маҳсулотнинг қимматлашиши фақат бу йилга хос ҳолат эмас, балки катта эҳтимол билан давомли бўлади. Озиқ-овқат хавфсизлиги жиддий муаммога айланаётган ҳозирги даврда бу масалага ҳам эътибор қаратилиши лозим.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди