Ўзбекистон | 20:34 / 31.01.2022
17854
4 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазири таълим сифатини оширишдаги икки асосий вазифа ҳақида ёзди

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов таълим сифатини оширишдаги икки асосий вазифани санади.

Фото: Facebook / BaxtiyorOdilovichSaidov

«28 январ куни президент бошчилигида мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда қабул қилинган қарор ва белгилаб берилган вазифалар бугун халқ таълим тизимининг давлат сиёсатидаги асосий масалаларидан бири эканини ифодалайди.

Қайд этиш керак, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, қурилиш ишларини олиб бориш Халқ таълими вазирлиги зиммасидан ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгани бизга барча эътиборни таълим-тарбияга, мактабда таълим сифатини оширишга қаратиш учун имкон беради. Зеро, келажак авлоднинг таълим-тарбияси пойдевори айнан мактаб саналади», –  дейди вазир.

Унга кўра, эндиликда мактабларда таълим сифатини оширишда икки асосий йўналиш мавжуд.

«Шулардан биринчиси, ўқитувчиларнинг билим савияси, касб маҳоратини оширишдир.  

Президент эндиликда юқори малакали, ўз устида доимий ишлайдиган муаллимлар фаолиятини янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш, маҳоратли педагоглар тажрибасидан самарали фойдаланиб, уларнинг ўқитиш методикасини оммалаштириш каби вазифаларни илгари сурди.

Бунда ўқитувчи билимли бўлмаса, келажак авлодга ҳеч нарса бера олмаслиги қайд этилар экан, бугун айрим педагоглар сифатли дарс ўтишга эмас, кўпроқ соат олишга интилиши алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, шундай, афсуски, бугун ўқитувчиларни болаларнинг таълим олиши эмас, кўпроқ ўз манфаати қайғуга солади, гўё.

Шу сабабли, ҳар биримизга таълимга бўлган ёндашувни қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди. Шу билан бирга халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга барча вазирлик ва идоралар бирдек масъуллиги таъкидланди.

Эндиликда мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилиши ва уларга шахсан президентнинг ўзлари раҳбарлик қилишлари соҳада кескин бурилиш кутилаётганидан дарак беради.

Давлат раҳбари топшириғига кўра, бой тажрибага эга педагоглар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган Халқ таълими вазирининг махсус жамғармаси ўқитувчиларнинг иш фаолиятини янада ривожлантириш учун ўзига хос мотивация беради», – дея ёзади Бахтиёр Саидов.

Вазирга кўра, таълим сифатини оширишдаги иккинчи муҳим йўналиш бу ўқувчилар учун замонавий дарсликлар яратиш ҳисобланади.

«Давлат раҳбарининг таълим сифатини ошириш борасида яна бир муҳим топшириғи мактаб дарсликларини янгилаш борасида бўлди.

Айни вақтда янги авлод дарсликларини илғор тажрибалар асосида тўлиқ янгилаш учун Англия, Франция, Германия каби қирққа яқин халқаро экспертлар жалб қилинган. Мазкур дарсликлар ўқувчиларнинг назарий билимларини ошириб, фикрлашга чорлайдиган методикалар сирасига киради.

Келгуси беш йилда 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилиши юзасидан берилган топшириқ ҳам таълимда амалга оширилиши кутилаётган туб ислоҳотлардан биридир.

Хўш, нега айнан 1 млн. 200 нафар ўқувчи ўрни? Бу дегани яқин беш йилликда аҳоли сони ўсиши билан бир қаторда мактаб ўқувчиларининг сони ҳам ўсади. 2025 йилга бориб, ўқувчи сони 7 млн.дан кўпроқни ташкил этади. Табиийки, мактабларда шунча ўқувчи ўрни ҳам бўлиши керак. Шуларни инобатга олган ҳолда президентимиз 2022 йилнинг ўзида 527 та янги ва таъмирталаб мактабларни реконструкция қилиш йўли билан керакли ўқувчи ўрни яратилишини режага киритиш бўйича ҳам топшириқ берди.

Бир сўз билан айтганда, мактаб таълимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш учун улкан ислоҳотлар сари дадил қадам қўйилди. Галдаги марра ушбу қадамларни жадал суръатларда босиб ўтиш зарур», – дея таъкидлайди Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги дипломатик миссияси раҳбари бўлган Бахтиёр Саидов Шерзод Шерматовнинг АКТ вазирлигига кетиши ортидан Халқ таълими вазирлигида иш бошлаганди.

Мавзуга оид