Жамият | 13:51 / 07.02.2022
45551
10 дақиқада ўқилади

Кўзбўямачилик ва ура-урачиликка қўйилган ҳайкал: Ғиждувон бозорида «ухлатилган» ва йиғлатилганлар

Ғиждувонда деҳқон бозор машмашаси ҳамон давом этмоқда. 2019 йилда Марказий деҳқон бозори ҳудуди реконструкция қилиш учун бузилганда, мулки бузилаётган тадбиркорларнинг арзи осмонга ўрлаган эди.

Ўшанда айрим дўкондорлар ўзларини нималар кутаётганини хавотир билан гапириб беришганди. Орадан 3 йил ўтиб, улар кўп масалаларда ҳақ бўлиб чиққанига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Бу орада Ғиждувонда бозор буткул қайтадан қурилди, унинг очилиш маросими катта тантана билан ўтказилди. Муаммолар эса ечилмасдан қолиб кетаверди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати фотоси

Бугун Ғиждувон бозорида бир-бирига таниш ё боғлиқ бўлмаган мурожаатчиларнинг арзини намойиш этамиз. Ўйлаймизки, бу манзара ҳақида тўлиқ хулоса чиқариш учун етарли бўлади.

Масалан, тадбиркор Улуғбек Аҳмедов эски бозорда жойлашган дўконлари бузилгани, ўрнига ваъда қилинган ер маданий мерос объекти ҳудудида бўлгани сабабли тўсиқ қўйилгани, компенсация тўловига эса прокуратурага ёза-ёза эришганини, бироқ уни тўлаб беришга ҳокимлик шошилмаётганини айтмоқда. Унинг дўкони ўрни аллақачон бошқа тадбиркорга бериб юборилган. Бозорчиларнинг ерига қурилиш қилган тадбиркор эса 3 йилдирки, иншоотни тугата олмаяпти.

Улуғбек Аҳмедов

«Бизга бошқа жойдан эмас, ўз дўконимизнинг жойи берилганда, ўзимиз қуриб олиб фойдаланаётган бўлардик. Ҳозир ҳам менга пули ҳам, ер эвазига берадиган ери ҳам керакмас, агар дўконимнинг ўрнини қайтариб ўзимизга беришса шу ердаги тадбиркорлар билан 4-5 ойда қуриб, фойдаланишга топширамиз», — дейди тадбиркор.

Улуғбек Аҳмедовнинг айтишича, бозор балансида бўлган, 51 фоизи давлатга қарашли бўлган, 107 та дўкон бўлган ҳудуд бозордан ажратиб олиниб, ери давлат захирасига қабул қилинмасдан, хусусий тадбиркорга мулк қилиб бериб юборилган. Бугунги кунда эса у ердаги қурилиш «туя гўшти еб ётибди».

Улуғбек акага-ку, бузилган дўкони эвазига компенсация ва жой ваъда қилинган экан. 2013 йилда вафот этиб кетган ўғли Азамат Шараповнинг номида бўлган дўкон 2019 йилда бузилгани, аммо бир тийин компенсация тўланмаганини ҳикоя қилган Зубайда Ҳамидова эса кўз ёшларини тия олмади.

Зубайда Ҳамидова

Ҳолбуки, туманнинг собиқ ҳокими Мурод Умаров 2019 йилда биз билан суҳбатда ҳеч ким норози қилинмаслиги, дўкони бузилган ҳар бир тадбиркорга ер ёки янги бозордан жой беришни ваъда қилганди.

Туман ҳокимининг бу ваъдасига терс ўлароқ, компенсациясиз қолган Зубайда Ҳамидова рўзғор тебратиш учун ижарама-ижара сарсон. Онахон турмуш ўртоғи, етим қолган уч невараси, келини билан истиқомат қилади. Пенсияга кун кўришади. Онахон ҳокимлик биносига қатнай-қатнай сиқилиб, инсульт касалига мубтало бўлганини айтиб, изиллаб йиғлайди. Ҳокимиятдаги масъулларни «Худодан топсин», деб қарғайди.

Бозор реконструкция қилингач, ундан катта ишонч ва яхши ниятларда дўконлар харид қилган айрим харидорлар ҳам мавжуд ҳолатдан асло хурсанд эмас.

Дўкондор Жамшид Ҳусеновнинг айтишича, у атайлаб дўконлар қаторида бурчагидан қимматроққа — 170 млн сўмга жой олган. Бугунги кунда дастлабки лойиҳага қарши ўлароқ, уларнинг дўкони ёнига 12 та ва бурчакларга яна қўшимча 2 та дўконлар қуриб, пулланган.

Жамшид Ҳусенов

Жамшид Ҳусеновнинг айтишича, бу дўконлар лойиҳада йўқ. Уларнинг кадастр ҳужжати ҳам йўқ. Расмийлаштирилмаган. Кейин қўшимча қурилган 14 та дўконни расмийлаштиришни масъулларга юклаш учун 2021 йил майида маъмурий судга мурожаат қилган «Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш» МЧЖ директори В.Содиқов судда ютқазган.

Савдо блокларининг иккинчи қаватидаги дўконлар сотилмаяпти. Қурилган эскалатор ва лифтлар бирор марта ишламаган. Шундоқлигича чирияпти.

Аввал фақат маҳсулот ва товарлар учун омбор бўлиши мўлжалланган блокларнинг ертўла қисмидаги дўконлар ҳам тадбиркорларга сотилган. Бу дўконларнинг ҳар бирини 75 миллион сўмдан сотиб олган тадбиркор Бобур Саъдуллаев уларни на ижарага бера оляпти, на сота оляпти. 50 миллион сўмга ҳам харидор йўқ.

Бобур Саъдуллаев

«Бозор маъмурияти тадбиркорларни ертўладаги дўконларга олиб тушиш, бу ерни ҳам гавжум қилиш ўрнига, блокларнинг биринчи қаватидан қўшимча дўконлар очиб бериб, бизнинг ишимизни ҳам юргизмаяпти», — деди Б.Саъдуллаев

Блоклар орасидаги йўл бўйида янги дўконларнинг қурилиши ёнғин хавфсизлиги ва бошқа техник регламентларга, энг асосийси, бошланғич лойиҳага зид. Аммо бозор эгалари кўпроқ даромад олиш учун шундай қилишмоқда. Буни улар бозорни қурган қурувчилар олдида қарз борлиги ва уларни тўлаш кераклиги билан тушунтиришган.

Ҳолбуки, қурувчиларга ҳануз пул тўланмай келинмоқда. Ёпиқ бозор корпусини қуришда иштирок этган 23 та қурилиш фирмасининг 18 таси олдида 23,7 миллиард сўм қарзи бор.

Пулни тўлаш икки йилдан буён пайсалга солиб келинмоқда. Бухоро вилоят ва Ғиждувон туман ҳокимликлари ўртасида «копток» бўлаётган қурувчилар бу муаммога ҳукумат ва жамоатчилик эътибор қаратишини истамоқда.

Биз 2019 йилги мақолада дўконларнинг икки қаватли қилиб қурилаётгани лойиҳавий хато эканлигини таъкидлаган эдик.

Бугунга келиб, бу нарса ўз исботини топиб ўтирибди.

«Бизга ҳокимлик мажбурлаб, иккинчи қаватни қурдирди. Уни сота олмаяпмиз. Вақтида 2-қаватни қурмасликни айтган эдик, аммо қурдиришди. Энди сотилмасдан бўм-бўш турибди»,деган «Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш» МЧЖ мутахассиси Қаҳҳор Ғафуров.

Хуллас, асл мақсад халқ учун, тадбиркорлар учун қулайлик яратиш деб реконструкция қилинган Ғиждувоннинг янги бозори кўзбўямачилик, ура-урачилик ва коррупцияга аталган улкан ҳайкал янглиғ қад ростлади.

Аслида, бозорни 2003 йилда ўша қадимий жойи — Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи олдидан силжитиш энг катта хато бўлгани бугунги кунда аён бўлмоқда. Шу билан қадимий шаҳар Ғиждувонда жамоатчилик муҳитига ҳам путур етган.

Ғиждувон янги бозорининг бу қадар абгор аҳволга келиб қолганига сабаб — бозор атрофидаги айрим «ёғли» ҳудудлар ҳам снос қилиниб, пули бор одамларга дўконлар қуриш учун сотилган.

Ўзи лойиҳага кўра, учта ёпиқ блок озиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи бозори бўлиши кўзда тутилган. Аммо озиқ-овқат сотувчилар бозорга кириб чиқиш ноқулай бўлгани сабабли бозор атрофидаги ўша «ёғли» ҳудуддаги дўконларга кўчишган. Табиийки, бозор блоклари ҳувиллаб қолган ва у ерга секин-аста кийим-кечак билан савдо қилувчилар келиб жойлашган.

Бугунги кунга келиб бу машмашани бошлаганларнинг айримлари ўлиб кетди, айримлари мансабдан кетди. Лекин бошқаларга асаббузарлик, бошоғриқ, дард-алам қолдириб кетишди. Энг қизиғи, бу ишлар учун ҳеч ким жавоб бермайди. Ҳеч ким сўрамайди ҳам.

Kun.uz’да Ғиждувон ҳокимлигидан пулини ололмаётган қурувчилар ҳақидаги аввалги репортаж эълон қилингач, Бухоро вилояти прокуратураси ўз расмий муносабатини эълон қилди.

«Мақолада қайд этилган ҳолатлар тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганилганда, 2019–2020 йиллар давомида бозор ҳудудида «Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш» МЧЖ томонидан амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари давомида бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйилган.

Хусусан, «Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш» МЧЖ томонидан 26 нафар пудратчи корхоналар жалб қилинган ҳолда амалга оширилган 90,1 млрд сўмлик реконструкция қурилиш-монтаж ишлари бўйича аслида бажарилмаган 6,7 млрд сўмлик ишлар қўшиб ёзиш орқали талон-торож бўлганлиги «Engineering calculations» МЧЖ мутахассисларининг хулосасида кўрсатилган.

Шунингдек, бозор ҳудудида лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган 12 та савдо дўконлари асоссиз равишда қурилиб, уларнинг 6 таси алдов йўли билан тадбиркорларга сотилиб, уларга ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан, 560 млн сўмлик пул маблағи ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, «Ғиждувон деҳқон бозори қурилиш» МЧЖ мансабдор шахслари бозор фаолиятидан олинаётган ноқонуний даромадларига қонуний тус бериш ва пудратчи корхоналар олдидаги қарздорликни тўлашдан қочиш мақсадида, «Барокат Ал Сахий» МЧЖни ташкил этиб, ушбу жамият орқали бозор фаолиятини назорат қилиш ва йиғимларни йиғиш ишларини ташкиллаштирган.

Жумладан, 2021 йилнинг декабрь ойида бозорда фаолият юритаётган тадбиркорлардан 106,2 млн сўмлик ойлик тўловлари йиғиб олинган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Ғиждувон туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки тергов давомида бозор фаолиятида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Терговнинг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган», — дейилади расмий муносабатда.

Кўряпмизки, хайрли мақсадларда қайта қурилган бозорда бугунги кунда ишлар жойида эмас. Ўз мулкидан ажралган айрим тадбиркорлар, уларнинг дўконларида ишлаб, рўзғор тебратиб юрган ёшлар эса хорижга иш излаб чиқиб кетишди. Чунки реконструкциягача Ғиждувон бозорида 344 та дўкон бўлган. Реконструкциядан сўнг уларнинг сони 384 та бўлиши ваъда қилинган бўлса-да, ҳозир фаолият кўрсатаётганлари 250 танинг нари берисида.

Мулклари бузилган ғиждувонлик савдогарлар ва уларнинг харидорлари шуни кутганмиди?

P.S. Дарвоқе, бозордаги дўконлари бузилган тадбиркорларга ер ажратиш масаласида ҳам туманнинг собиқ ҳокими Мурод Умаров катта қонунбузилишларга йўл қўйган. Болалар боғчаларининг ерлари туман захирасига тортиб олинган. Бу ҳақда алоҳида репортаж қиламиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид