Ўзбекистон | 13:07 / 09.02.2022
4382
3 дақиқада ўқилади

Январда аҳолига сезилган инфляция даражаси пасайди

2022 йилнинг биринчи ойида аҳоли инфляцияга нисбатан оптимизмни намоён қилди. Аҳолига сезилган инфляция ўтган ойга нисбатан 0,8 фоизга пасайиб, бир йилдаги энг юқори пасайишни кўрсатди.

Фото: Getty Images

Марказий банк аҳолининг даромадлар кесимида инфляция даражаси ва сезилган инфляция шарҳини эълон қилди. 2022 йилнинг январ ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентлар томонидан сезилган инфляция ўтган йил декабр ойидаги кўрсаткичга нисбатан 0,8 фоиз бандга пасайиб, 15,4 фоизни ташкил этди.

Сезилган инфляция бу — жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали ўлчанадиган инфляция даражаси. Марказий банк сўрови орқали аҳолининг товар ва хизматлар нархи қимматлаши борасидаги фикри ўрганилади.

Ўтган йилнинг январ ойида аҳолига сезилган инфляция 17,4 фоизни ташкил этган. 2022 йилнинг биринчи ойида эса аҳоли инфляцияга нисбатан оптимизмни кўрсатмоқда – 15,4 фоиз ва рақам бир йил давомидаги аҳоли сезган инфляциянинг энг паст кўрсаткичи бўлмоқда.

Шу билан бирга, умумий жавоб берувчилар таркибида сезилган инфляцияни 9–12 фоиз атрофида ҳис қилган респондентлар сони ўтган йилнинг декабр ойига нисбатан ошди ва медиана кўрсаткичи пасайишига сабаб бўлди.

Айни пайтда, январ ойида нархлар юқори ошди (21–30 фоизгача) деб кўрсатган респондентлар улуши ҳам пасая бошлади. Респондентларнинг кўпчилик қисми январ ойида бензин ва ёқилғи маҳсулотлари, гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда дори воситалари қимматлаганини сезишган бўлса, дуккакли маҳсулотлар, таъмирлаш хизмати ҳамда гигиена-тозалаш воситаларининг нархи бироз ошганини таъкидлашган. 

нархлари юқори ўсгани қайд этилган жавоблар

Фаолият соҳалари бўйича умумий овқатланиш, савдо, банк-молия соҳалари, талаба ҳамда нафақадаги респондентлар томонидан сезилган инфляция даражаси бошқа соҳа вакилларига нисбатан юқорироқ шаклланди. Айни пайтда, ишлаб чиқариш, тиббиёт, қурилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида сезилган инфляция умумий кўрсаткичдан пастроқ бўлди.

Соҳалар ва ҳудудлар кесимида сезилган инфлация

Аввалроқ, Марказий банк январ ойида асосий истеъмол товар ва хизматлари нархлари ўсиши 0,9 фоизни (2021 йилда 1 фоиз), йиллик инфляция даражаси эса 9,8 фоизни ташкил этганини маълум қилганди.

Йиллик ҳисобда асосий озиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 13,1 фоизга қимматлаган.

Мавзуга оид