ОИИБ Ўзбекистонда инвестиция портфелини кенгайтиришни режалаштирмоқда
Жорий йилнинг 10 февраль куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов видеоконференция тарзида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзин Лицюн билан музокаралар ўтказди.
ОИИБ билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги 2016 йилда бошланганига қарамасдан, у қисқа вақт ичида ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда мамлакатнинг стратегик шеригига айлангани таъкидланди.
Ҳозирги кунда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар портфелида 932,7 миллион долларлик 9 лойиҳа мавжуд бўлиб, улар инфратузилмани модернизация қилиш, кичик ва ўрта бизнес ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ жойларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш каби соҳаларни қамраб олган.
ОИИБ раҳбарияти амалга ошириш босқичида бўлган лойиҳаларни илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтиришга ва жорий йилда тасдиқланиши кутилаётган янги лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнларини тезлаштиришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар тўғрисида фикр алмашди. Энергетика, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, шунингдек, шаҳар инфратузилмасини ҳар томонлама ривожлантириш вазифалари истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.
2023-2025 йилларга мўлжалланган шериклик дастурини шакллантириш бўйича биргаликда ишлашга келишиб олинди, унда Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, аниқ лойиҳалар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилади.
ОИИБ раҳбарияти иштирокида кенг кўламли халқаро тадбирлар, жумладан, жорий йил март ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми ва 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ОИИБ бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтилди.
Банк раҳбарияти ушбу тадбирларни ташкил этиш ва илгари суришда яқин ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирди, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
20:39 / 03.10.2024
Садир Жапаров Қирғизистонда яшовчи миллиардерлардан ёрдам сўради
14:25 / 28.09.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон икки томонлама инвестиция шартномаси имзолади
15:30 / 21.09.2024
Москва Россия бозорини тарк этган хорижликлар учун тўловни оширмоқчи
22:19 / 28.08.2024