Ўзбекистон | 07:55 / 14.02.2022
3693
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги «Авиасозлар» маданият саройини реконструкция қилиш бошланди

Фото: Яшнобод туман ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ва Яшнобод туман ҳокимликларининг қарорлари асосида “Авиасозлар” саройининг тўлиқ реконструкцияси бошланди.

Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқуловнинг хабар беришича, туман аҳолиси учун мазкур саройни энг янги андозалар асосида қайта тиклаш режалаштирилган.

Шунингдек, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ва мароқли ташкил этиш мақсадида сарой атрофида сайёҳлик ва дам олиш боғи барпо этилади.

Ҳоким постдаги изоҳларда сарой фасадидаги баланд «Икар» горельефи (текис сатҳга ишланган бўртма шакл, нақш - таҳ.) ўз ўрнида қолишини тасдиқлади.

Бино 1980 йилда қурилган. Сўнгги йилларда бу ерда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази, Қуролли Кучлар ансамбли, Марказий ҳарбий оркестр, «Турон» давлат ҳарбий театри, тикувчилик корхонаси, болалар тўгараклари фаолият кўрсатган. 

2020 йил февраль ойида Шавкат Мирзиёев «Авиасозлар» марказини бориб кўрганди. Президент марказ биносини реконструкция қилиб, ундан мақсадли фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик асосида кўнгилочар маскан ташкил этиш зарурлигини таъкидлаганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид