Ўзбекистон | 11:39 / 15.02.2022
3402
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқади

Жорий йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир билан видеоконференция тарзида музокаралар ўтказди.

Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш вазифалари кўриб чиқилди. Жорий йилнинг январь ойида хусусий инвесторларни Жамғарма фаолиятида иштирок этишга жалб қилиш учун ИТБ “роуд-шоу” ўтказгани айтиб ўтилди. Томонлар шу йилнинг иккинчи чорагида жамғарма фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ташкилий ва молиявий масалаларни жадал ҳал қилиш бўйича фаол иш олиб боришга содиқлигини билдирди.

ИТБ билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди, улар қаторида аҳоли бандлиги ва малакасини ошириш, ҳудудлар ва қишлоқ жойларда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш, сув таъминоти тизимлари, канализация, коммунал ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш каби йўналишлар белгилаб олинди. 

ИТБ томонидан Араб мувофиқлаштириш гуруҳи билан ҳамкорликда яратилган SmartED янги молиялаштириш механизмидан фойдаланган ҳолда таълим тизимини такомиллаштиришнинг долзарблиги алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун, SmartEd дастури қиймати 500 миллион доллардир. Дастур “Таълим соҳасида глобал ҳамкорлик” молиявий платформаси томонидан тақдим этилган 100 миллион долларлик грант молиялаштириш пакетини, шунингдек, имтиёзли молиялаштириш пакетини ўз ичига олади ва ИТБга аъзо мамлакатларда таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

ИТБ раҳбарияти, шунингдек, савдони молиялаштириш ҳамда мамлакат тижорат банклари билан ҳамкорлик қилишнинг бошқа молиявий воситаларини ишга солиб, Ўзбекистонда кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Одамлар зич, қишлоқ ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун таълим сифатини юксалтириш мақсадида Ўзбекистон ҳудудларидаги 400 та мактабни реконструкция қилиш дастурини амалга жорий этиш бўйича ИТБ томонидан қўшимча маблағ ажратишнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томони ИТБнинг алоҳида чегара ўтиш пунктлари имкониятларини ошириш ва самарадорлигини юксалтиришда техник ёрдам кўрсатиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ушбу соҳанинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда бу йўналишда илғор инновацион ишланмалар ва амалиётларни жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга экспертлар гуруҳини юбориш тўғрисида келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид