18:32 / 15.02.2022
7902

Томошабинлар «Оскар-2022» учун севимли фильмига овоз бериши мумкин 

Twitter ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари 14 февралдан 3 март кунига қадар 2021 йилда суратга олинган  ҳар қандай фильмга, «Оскар» мукофотига номзод бўлишидан қатъи назар овоз бериши мумкин.

Фото: Getty Images

Овоз беришда «OscarsFanFavorite» ҳештегидан фойдаланиш шарт. Ғолиб фильм номи «Оскар-2022» мукофотини топшириш маросимида эълон қилинади.

Шунингдек,  Twitter фойдаланувчилари «OscarsCheerMoment» ҳештегидан фойдаланиб, 2021 йилда суратга олинган фильмлардаги севимли лавҳалари билан ҳам ўртоқлашиши мумкин. Энг оммабоп саҳналар ғолибларнинг твити билан бирга тақдирлаш маросимида намойиш этилади.

Бундан ташқари, овоз берганлардан 5 киши йил давомида кинотеатрларга бепул кириш имкониятини берувчи чипталар, стриминг сервисларига обуна ва Киносанъат академияси қошидаги музейдан эксклюзив сувенирлар билан тақдирланади. Қўшимчасига ташкилотчилар тасодифий тарзда 3 фойдаланувчини танлаб олишади. Улар Лос-Анжелесда 27 март куни ўтказиладиган «Оскар-2022» маросимига таклиф этилиб, барча харажатлари қоплаб берилади.

Аввалроқ, Америка киноакадемияси ҳар йили анъанавий тарзда топшириладиган «Оскар» киномукофотига номзодларни эълон қилган эди.

Австралиялик режиссёр Жейн Кэмпион томонидан суратга олинган «Кўппак изми» (The Power of the Dog) фильми энг кўп – 12 та номинация бўйича, жумладан, «Энг яхши фильм» ва «Энг яхши режиссёр» совринларига даъвогарлик қилмоқда. Кейинги ўринларни «Қумтепа» (Dune, 10 та номинация), «Вестсайд қиссаси» (West Side Story, 7 та) ва «Белфаст» (Belfast , 7 та) фильмлари эгаллаб турибди.

Шунингдек, энг яхши фильм номинацияси рўйхатига «CODA: Кар ота-она фарзанди» (CODA), «Осмонга қараманг» (Don't Look Up), «Машинамни бошқар» (Drive My Car), «Қирол Ричард» (King Richard), «Қизилмияли пицца» (Licorice Pizza), «Даҳшат хиёбони» (Nightmare Alley) фильмлари ҳам киритилган.

Top