Жаҳон | 23:33 / 15.02.2022
49590
6 дақиқада ўқилади

Украина инқирози. Шольц Путин билан ҳазиллашди, руслар ортга қайта бошлаган

Путин Москвада немис канцлери Олаф Шольц билан учрашди, Россия мудофаа вазирлиги машғулотлар яқин вақт ичида якунланиши ва ҳарбийлар ортга қайтарилишини маълум қилган, НАТОдагилар эса ҳозирча Россия томонидан деэскалация белгиларини кўрмаяпти.

Михаил Климентьев / РФ президенти матбуот хизмати/ ТАСС / Scanpix / LETA

Меркелнинг издоши декабрда янги лавозимни эгаллаганидан буён илк марта Путин билан учрашди. Мулоқот Шольц фавқулодда суст сиёсат олиб бораётгани учун иттифоқчиларининг зимдан танқидига учраётган бир вақтда содир бўлди.

Шольц Путин билан учрашувда ўзини қандай тутишига Германияда ҳам жиддий қизиқишаётганди, чунки канцлер Украина мавзусида муҳокамага кеч қўшилгани учун танқидларга ва жиндай шубҳага ҳам сабабчи бўлганди. Германия Россия олдида қарздорми, деган масала ҳам кўтарилди. Аммо Шольц Путин билан учрашувда Ғарб нашрлари сарлавҳасига тортадиган гаплари билан ёдда қолмади. Путиннинг президентлик муддати ҳақидаги ҳазилидан бошқа, албатта. Кремлдаги учрашувдан кейин яна Путин барчанинг диққат марказида бўлди.

«Европада уруш бўлган, уни НАТО бошлаганди»

Уч соат давом этган учрашувдан кейин Германия канцлери Олаф Шольц ҳозирги авлод уруш кўрмаслиги кераклиги, бу тасаввур қилиб бўлмайдиган нарса эканини айтди. Путин эса ҳамкасбининг гапига киноя билан жавоб берди. «Жаноб канцлер ҳозирги авлод учун уруш тасаввур қилиб бўлмайдиган нарса эканини айтди, аммо биз Европада урушнинг гувоҳи бўлгандик, Югославияда. Айнан НАТО томонидан бошланган урушда Европа шаҳарларидан бири Белград ўққа тутилганди», деди Россия президенти.

ЛХР ва ДХРни тан олиш масаласи

Тан олинмаган ДХРнинг Донецкдаги байроғи / Reuters

Охирги вақтларда россиялик сиёсатчилар Украина атрофидаги воқеалар фонида Луганск ва Донецкни республика сифатида тан олиш кераклигини айтиб келишади. Бу борада бутун бошли президентга мурожаат тайёрлаб, депутатлар уни маъқуллашди ҳам. Аммо Путин Шольц билан учрашувда рус халқи Донбассдагиларга ҳар қанча хайрихоҳ бўлмасин, барчаси Минск келишуви бўйича амалга оширилиши лозимлигини айтди. Келишувга кўра эса Россия Донецк ва Луганскни республика сифатида тан ололмайди. Олаф Шольц ҳам бу дипломатик фалокат бўлишини таъкидлади.

«Режа бўйича ҳаракат қиламиз»

Путиндан Россия бундан буёғига қандай ҳаракат қилишини сўрашди. У эса шундай деди: «Энди қандай ҳаракат қиламиз? Режа бўйича. Бу вазият қандай бўлишига боғлиқ. Бунга ким жавоб беради? Ҳозирча ҳеч ким, чунки ҳаммаси бизга боғлиқ эмас. Биз НАТО ҳамма учун тенг бўлиши талаб қилинган хавфсизлик принципларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётганига жим қараб туролмаймиз.

Урушни хоҳлаймизми? Йўқ, албатта. Шунинг учун ҳам хавфсизлик борасида таклифларимизни билдиряпмиз», деди Путин.

Уруш ҳақидаги саволга жавоб берган Шольц Путинга қараб Европада уруш бўлмаслиги учун жавобгар эканликларини эслатди. «Уруш бўлмаслиги керак, ҳали дипломатия учун йўл бор. Шу сабаб вазиятни тезда юмшатиш керак», деди Германия канцлери.

Украина ва НАТО масаласи

Германия канцлери Путин билан учрашувдан аввал Украинанинг НАТОга кириши кун тартибида турмагани, Россия нега бу борада муҳокамага киришганини тушунмаслигини айтганди. Шольц Кремлдаги учрашувда ҳам бу ҳақда гапирди. «Украинани НАТОга қабул қилиш масаласи кун тартибида тургани йўқ. Бу мавзуни [камида] биз бу лавозимда турган вақтимизда кўриб чиқмасак ҳам керак, ахир қанча узоқ лавозимда турмайлик, бу умрбод давом этмайди», деди Шольц.

Фото: Reuters

Германия канцлерининг Путин узоқ вақтдан буён Россия раҳбарлигида қолаётганига ишора қилган бу гапи унинг чиқишидаги энг ёдда қоларли ҳолат бўлди.

Путин эса Украина НАТОга кирмаслиги борасида конкрет кафолат хоҳлашини яна бир бор такрорлади. «Бизга 30 йилдан буён НАТО кенгаймаслигини айтишади, лекин бугун у остонамизда турибди. Украина яқин йилларда НАТОга кирмайди, ҳозир тайёр эмас, дейишяпти, лекин халқаро алоқаларда бунақа мужмал гапларга ўрин йўқ-ку? Шу сабаб ушбу муаммони ҳозир, тинч йўл билан ҳал қилиб олишимиз керак», деди Путин.

Россия аскарлари қайта бошлаган

Олдинги манзилига қайтаётган рус танклари / EUROPEAN PRESSPHOTO AGENCY

Германия канцлерининг Россияга ташрифидан олдинроқ мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу Путин билан учрашиб, ҳарбий машғулотлар тугаб қолгани ҳақида маълумот берганди. Кейинчалик рус аскарлари машғулотларни якунлаб, ортга қайтишга тайёргарлик кўра бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Жанубий ва Ғарбий округ ҳарбийлари машғулотларни якунлаб, ҳарбий техникаларни олиб кетишга тайёрлаб қўйгани тасвирланган видео эълон қилинди. Хусусан, россиялик аскарлар Қримдаги машғулотлардан қайтаётгани маълум бўлди. Яна бир гуруҳ аскарлар Шимолий Осетия ва Доғистондаги доимий манзилига қайтиши айтилди.

Бу ҳолатга муносабат билдирган Украина мудофаа вазири Дмитрий Кулеба шошмаслик керак эканини айтди. «Россия томонидан доим турли муносабатлар билдирилади. Аммо биз кўрган нарсамизгагина ишонишга одатланганмиз. Аскарлар кетаётганини кўрсак, деэскалация бўлаётганига ишонамиз», деди вазир.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эса Россия томонидан бўлаётган бу ишоралар эҳтиёткор оптимизмга сабаб бўлаётганини айтди. «Ҳозирда жойларда ҳеч қандай деэскалация, қўшинлар сони камаяётгани ҳақида маълумот йўқ. Лекин Россия томонидан дипломатияга зўр бериш борасидаги сигналлар эҳтиёткор оптимизмга ундамоқда», деди бош котиб.

Мавзуга оид