11:17 / 15.02.2022
8163

Уй-жой нархлари ошган ва пасайган ҳудудлар маълум қилинди

Ўтган ойда Тошкент шаҳрида иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари 2,4 фоизга қимматлашган. Энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (5 фоиз), Миробод (4,5 фоиз) ва Яшнобод (4,3 фоиз) туманларида кузатилган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2022 йил январь ойида республика бўйича 17,7 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 фоизга камроқ, 2020 йилнинг январь ойи билан таққослаганда эса ўсиш суръати 15 фоизни ташкил этган.

Мутахассисларнинг фикрича, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик ҳар йил бошида мунтазам равишда пасаяди, бу эса мавсумий омил билан боғлиқ. Январь ойидаги янги йил учун бериладиган дам олиш кунлари ва иш таътиллари пайтида харидорлар одатда кўчмас мулк сотиб олмайди. Баҳорга келиб, уй-жой бозоридаги фаоллик қайта тикланади.

Ўтган ойда ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Қашқадарё (36,4 фоиз), Фарғона (16 фоиз), Сурхондарё (11,1 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Тошкент (17,6 фоиз) вилояти, Қорақалпоғистон (14,4 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (6,7 фоиз) сезиларли камайиш қайд этилган.

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, январь ойида иккиламчи бозорда уй-жой ўртача нархлари ўтган ойга нисбатан 1,4 фоизга ўсган.

Энг юқори ўсиш суръатлари Фарғона (5,2 фоиз), Андижон (5 фоиз) ва Навоий (4,5 фоиз) вилоятларида кузатилган бўлса, Жиззах (4,2 фоиз), Сурхондарё (3,1 фоиз), Наманган (2,3 фоиз) ва Сирдарё (2,1 фоиз) вилоятларида нархлар пасайиши қайд этилган.

Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари 2,4 фоизга қимматлашган. Энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (5 фоиз), Миробод (4,5 фоиз) ва Яшнобод (4,3 фоиз) туманларида кузатилган бўлса, Учтепа (1,4 фоиз) ва Олмазор (0,7 фоиз) туманларида нархлар арзонлашган.

Аввалроқ, 2021 йил якунларига кўра, ҳудудлар кесимида уй-жой нархларининг энг баланд қиймати Тошкент шаҳри (1 кв метр учун 7 млн 952,3 минг сўм), Самарқанд (5 млн 745,1 минг сўм), Навоий (4 млн 356,1 минг сўм) ва Тошкент (4 млн 208,9 минг сўм) вилоятларида, энг паст нархлар эса Сирдарё (2 млн 715,7 минг сўм), Хоразм (2 млн 814,5 минг сўм) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (2 млн 879,9 минг сўм) қайд этилгани хабар қилинганди.

Top