Жамият | 21:00 / 16.02.2022
1043
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ЙПХ ходимлари ва фуқаролар ўртасида можаро юз берди

Яккабоғ туманида хавфсизлик камарини тақмагани учун тўхташ ишораси берилган ҳайдовчи қочиб кетган. ЙПХ ходимлари уни тўхтатишганда ўртада можаро келиб чиққан ва жанжалга бошқалар ҳам аралашган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

ИИВ ЙҲХББнинг маълум қилишича, 2022 йил 15 февраль куни соат 09:30 ларда, Яккабоғ тумани, Амир Темур кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Б.Каримов томонидан Nexia-3 машинасининг ҳайдовчисига хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун тўхташ ишораси кўрсатилган.

Ҳайдовчи ишорага бўйсунмасдан ҳаракатда давом этган. Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи тўхтатилган. ЙПХ ходимлари томонидан қоидабузарлик бўйича тушунтириш берилишига қарамасдан ҳайдовчи инспекторларга фаол қаршилик кўрсатган ва атрофдагиларнинг ҳам эътиборини мазкур ҳолатга қаратган. Жараён давомида атрофда бўлган айрим фуқаролар ЙПХ ходимларининг ўз хизмат фаолиятини бажаришига халақит берган.

ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисми, 194- ҳамда 195-моддалари тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, атрофда бўлган, ходимларнинг ўз хизмат фаолиятини бажаришига халақит берган фуқаролар юзасидан ҳам суриштирув олиб борилиб, тўпланган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судига юбориш чоралари кўрилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид