07:43 / 18.02.2022
4354

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилганлар сони 1,3 миллиондан ошди

Фото: Kun.uz

Мамлакатда, 2022 йил 16 февраль ҳолатига, ўзини ўзи банд қилганлар сони 1 324 031 нафарга етди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.

Жорий йил 1 январдан 16 февралга қадар 132 047 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, бу борада Фарғона (20 295), Самарқанд (18 988), Андижон (13 901), Жиззах (10 647) ва Тошкент вилояти (10 362) етакчилик қилмоқда.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича 50 691, саноат йўналиши бўйича 32 707, маиший хизматлар бўйича 23 641, ижтимоий йўналиш бўйича 15 183, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича 7 551, ахборот-коммуникация йўналиши бўйича 2 274 нафар шахс ўзини ўзи банд қилди.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар: бепул рўйхатдан ўтади; иш берувчига эга бўлмайди; ишчи ёлламайди; уларга меҳнат стажи ва пенсия ҳисобланади; йилда бир марта БҲМнинг бир баравари миқдорида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлайди; даромадидан солиқ тўламайди; юридик шахслардан пул ўтказмаларини қабул қилиш учун банкда ҳисобрақам очиши мумкин; фақат рухсат этилган фаолият турлари билан шуғулланади.

Аввалроқ, тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга 1 майдан таълим муассасаларининг таълим жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари, бошқа бино ва иншоотларини ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларига касб-ҳунар, хорижий тиллар ёки тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курсларини ташкил этиш учун 5 йилгача бўлган муддатга, маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун 5 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш ҳуқуқи тақдим этилганди.

Top