Ўзбекистон | 12:32 / 21.02.2022
33795
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда жиноий гуруҳ еттита цистернадаги бензинни ўғирлади

Россиядан Тошкентга юборилган 7 та вагон-цистернадаги бензинни ўғирлаган шахслар ушланди.

Иллюстратив фото

Тошкентда жиноий гуруҳ Россиянинг АИ-95 русумли бензини солинган еттита цистернадаги маҳсулотни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 30 январь куни фуқаро Б.С., Ш.Д., Д.И. ва бошқа шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, Россиянинг Орск шаҳри нефтни қайта ишлаш заводидан Тошкент шаҳри, Сергели тумани 5-даҳада жойлашган “Carpe Diem Energy” МЧЖ хорижий корхонасига юборилган 7 та вагон-цистернага юкланган АИ-95 маркали бензин маҳсулотларини ўғирлаб олиб кетган.

Қайд этилишича, улар вагонларнинг тепа қисмидаги люкига ўрнатилган тамғаларни кесиб, вагон люкларини очиб, бензинни ўз бошқарувларида бўлган нефть маҳсулотларини ташишга мўлжалланган транспорт воситаларига юклаган ва воқеа жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.С. ва бошқаларга нисбатан Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу моддада кўрсатилган жазо - саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид