Ўзбекистон | 07:25 / 03.03.2022
5714
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ишбилармонлар Покистонда 797 млн долларлик шартномалар имзолади

Исломобод шаҳрида (Покистон) Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 150 га яқин вакиллари, шунингдек, асосий вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва савдо-саноат палаталари раҳбарлари иштирок этди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Форум очилиш маросимида 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажмини 50 фоизга кўпайтиришга эришилгани, жорий йилнинг икки ойи давомида эса ўзаро савдо ҳажми ўтган йилгидан 70 фоизга ошгани маълум қилинди. Инвестициявий ҳамкорликдаги муваффақиятлар ҳам алоҳида таъкидланди, жумладан, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 6 баравар кўпайди.

Қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама савдони жадаллаштиришни назарда тутган ҳолда икки мамлакат ҳукуматларининг Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлиги таъкидланди. 

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда инвестициявий ва савдо ҳамкорлигини ошириш борасида улкан салоҳият борлиги қайд этилди.

Форум давомида икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва йирик компаниялари раҳбарлари томонидан тақдимотлар ўтказилиб, унда ҳамкорлик салоҳияти атрофлича очиб берилди ва келгусида ўрганиш учун истиқболли лойиҳалар таклиф этилди. 

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Форум натижалари бўйича умумий қиймати 797 миллион долларлик савдо шартномалари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама битимлар имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид