Жамият | 18:52 / 08.03.2022
15096
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири бемор хотин-қизлар ҳолидан хабар олди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда даволанаётган хотин-қизлар ҳолидан хабар олди.

Вазир ташриф давомида бемор аёллар билан суҳбатлашиб, уларни байрам билан самимий қутлади. Юртимизда хотин-қизлар саломатлигини асраш ҳукуматнинг алоҳида эътиборида эканини таъкидлаб, уларга хасталикдан тезроқ соғайиб кетишларини тилади. Шундан сўнг аёлларга вазирликнинг байрам совғалари топширилди.

«Хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ғамхўрлик қилиш барчамизнинг бурчимиз. Президентимиз таъкидлаганидек, онани, аёлни рози қилсак, халқ биздан рози бўлади. Шу сабабли бу ерда даволанаётган ҳар бир бемор, айниқса, ушбу дардга чалинган опа-сингилларимиз биз учун азиз ва қадрли. Уларнинг хасталикдан тезроқ соғайиши ва оиласи бағрига қайтиши учун барча чораларни кўрамиз», деди вазир.

Давлат раҳбарининг 2021 йил 27 майдаги «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида ушбу марказнинг янги биносини қуриш бўйича бир қатор вазифалар белгиланганди.

Мазкур комплекс таркибида замонавий операцион блок, зарур диагностика ускуналари билан жиҳозланган кўп функцияли поликлиника, илмий тадқиқот ва амалий машғулотлар ўтказиш учун алоҳида илмий лаборатория, шунингдек, беморларнинг қариндошлари ҳамда яқинларини жойлаштириш учун меҳмонхона каби тузилмалар ўрин олиши кўзда тутилган.

Марказ биноси 10 қаватли, 650 ўринли бўлиб, 16 та жарроҳлик хонаси, реанимация, даволаш ва ташхис бўлимларидан иборат бўлади. Шунингдек, кунига 100 нафар беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга стационар ҳамда 500 қатновга мўлжалланган онкология консултатив-диагностика марказини қуриш бошланган.

Вазир ташриф давомида муассасада фаолият олиб бораётган шифокор ва ҳамшира опа-сингилларимиз билан ҳам учрашиб, уларни байрам билан самимий табриклади ва шарафли ҳамда масъулиятли вазифаларида зафарлар тилади. Қолаверса, бу ерда даволанаётган беморлар, хусусан, хотин-қизларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Мавзуга оид