Ўзбекистон | 21:07 / 09.03.2022
6741
3 дақиқада ўқилади

Самарқанднинг 11 та чорраҳасида йўл ўтказиш кўприклари қурилади

Шунингдек, мутасаддиларга яна 11 та чорраҳада пиёдалар учун ер остидан ёки ер устидан ўтиш жойлари барпо этиш топшириғи берилган.

Фото: KUN.UZ

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида шаҳар ЙҲХБ бошлиғи М.Солиевнинг Самарқанд шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар ва 2022 йилда амалга ошириладиган вазифалар тўғрисидаги ахбороти тингланган.

Ахборотда келтирилишича, Самарқанд шаҳар ҳудудида 2021 йилда 191 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 20 киши ҳалок бўлган, 180 киши турли даражадаги тан жароҳати олиб, шифохоналарга ётқизилган. 2020 йилнинг мос даврига солиштирганда ЙТҲлар сони 46 тага, тан жароҳати олганлар сони 39 нафар кишига ошган.

Депутатлар ушбу масала муҳокамасига жиддий эътибор қаратиб, шаҳарда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли қарорни тасдиқлашган.

Унга кўра, масъулларга Гагарин кўчасини давом эттириб, М-37А Самарқанд ҳалқа йўли билан боғлаш, Шоҳи Зинда кўчасида олиб борилаётган реконструкция ишларини имкон қадар қисқа муддатларда охирига етказиш, Гагарин кўчасини Амир Темур кўчасидан Ўзбекистон кўчасигача бўлган қисмини кенгайтириш топшириғи берилган.

Бундан ташқари, М-39, А-377 ва М-37А автомобиль йўллари ҳамда шаҳарнинг Ибн Сино-Даҳбед, Рудакий-Даҳбед, Рудакий-Гагарин, Мирзо Улуғбек-Гагарин, Амир Темур-Гагарин, Регистон-Даҳбед, Садриддин Айний-Термиз, Садриддин Айний-Панжакент, М-37А йўли-Зарафшон шоҳкўчалари кесишган, жами 11 та чорраҳада йўл ўтказиш кўприкларини қуриш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Регистон майдони ҳамда “Ёшлик” истироҳат боғи олдида, Амир Темур-Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек-Алишер Навоий, Университет хиёбони-Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек-Гагарин, Мирзо Улуғбек-Беруний-Спитамен-Буюк Ипак йўли, Рудакий-Бўстонсарой, Шоҳи Зинда-Даҳбед, Гагарин-Навоий, Гагарин-Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳаларда, жами 11 та жойда пиёдалар учун ер остидан ёки ер устидан ўтиш жойлари барпо этиш топшириғи берилган.

Шу билан бирга, М-39, М-37 ҳамда М-37А халқаро аҳамиятга эга бўлган йўлларининг аҳоли яшаш жойларида 4 дона тезликни ўлчовчи радар ўрнатиш, шаҳар ҳудудида жойлашган мактаб ва боғчалар олдида транспорт воситаларнинг тезлигини чеклаш учун замонавий йўл белгилари ҳамда давлат стандартлари асосида сунъий нотекислик билан жиҳозлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифалари белгиланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид