12:30 / 13.03.2022
8773

Хоразмда янги газ-поршенли электр станцияси ишга туширилди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Хоразм вилояти, Янгиариқ туманида газ-поршенли электр станцияси қурилишининг 1-босқичи якунланиб, Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига 36,5 МВт қувватда электр энергияси узатиш бошланди.   

Лойиҳа қуввати 174 МВт бўлган газ-поршенли электр станцияси (ГПЭС) қурилиши 2021 йил август ойида бошланган эди. Март ойига келиб қурилишнинг 1-босқичи якунланди.

Янги ГПЭС тўлиқ ишга туширилгандан кейин йилига 1,5 млрд кВт*с электр энергияси ишлаб чиқаради. Замонавий қурилмаларнинг энерготежамкорлиги ҳисобига йилига 800 млн куб.м. табиий газ тежалади. Бу 36 минг хонадоннинг 1 йиллик газ таъминотига тўғри келади

Лойиҳанинг умумий қиймати 105 млн долларга тенг бўлиб, қурилиш 3 босқичда амалга оширилмоқда. Унинг биринчи босқичи якунланиб, 2 та газ поршенли агрегат тизими ишга туширилди ва Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига 36,5 МВт қувват электр энергияси узатишни бошлади. 2-босқич якунлангач, қувват 73 МВт.га етказилади. 

Хоразмда ГПЭС қурилиши 2021 йил июль ойида қабул қилинган президент қарорида белгилаб қўйилган эди. Ҳужжатга асосан, Туркиянинг «Hidro Enerji Elektrik Uretim Sanayi A.Ş.» компанияси қуввати 174 МВт бўлган ГПЭС қуриш инвестиция лойиҳасини амалга оширади. 

Бунинг учун «Odaş Enerji СА» МЧЖ лойиҳа компанияси ташкил этилган. Қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида у 1,3 млн доллар миқдорида банк кафолатини тақдим этган.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва лойиҳа компанияси ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим ҳам имзоланган. Унга кўра, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади ва тўловни миллий валютада амалга оширади.

Лойиҳа 2022 йил ёзига қадар якунланиши режалаштирилган. У тўлиқ ишга туширилгач, 60 та янги иш ўрни яратилади.

Top