16:20 / 15.03.2022
51955

Самарқандда суратга олинган “Чингалчук”

Собиқ иттифоқ даврида хориж фильмлари намойиши жиддий назорат остида эди. Ҳиндулар ҳақидаги фильмларга рухсат берилишига сабаб ҳам уларнинг Америка корчалонларига нисбатан кураши бўлган. Аммо оддий томошабинни бу жиҳатлар қизиқтирмас, улар жасур қаҳрамонларининг ҳаракатларидан завқланишарди. Мард ва жасур ҳиндулар ҳақидаги фильмлар билан бир неча авлод улғайди. Айниқса, енгилмас Чингачгук кўпчиликнинг меҳрини қозонган.

Филмдан кадр

Бу ва бошқа қаҳрамонларни экранда жонлантирган актёр Гойко Митич 1940 йилда Собиқ Югославиянинг ҳозирда Сербия ҳудуди бўлган Лесковац қишлоғида, фермерлар оиласига дунёга келган. Серб миллатига мансуб бу оиланинг бошлиғи иккинчи жаҳон уруши жангларида қатнашаётгани боис болакай Гойконинг тарбияси билан унинг онаси, бувиси ва буваси шуғулланишади. Ёшлигиданоқ спортга ишқибоз бўлган Гойко гандбол, футбол ва енгил атлетикага қизиқар, бу қизиқиш уни Белград жисмоний тарбия академиясига етаклаб борганди. У ҳатто эшкак эшиш бўйича Югославия терма жамоасида ҳам иштирок этган.

Кинога бўлган муҳаббат ва кўркам қиёфаси Гойкони суратга олиш майдонига етаклади ва 1961 йилда инглизларнинг “Ланселот ва қиролича” фильмида бош қаҳрамоннинг соясида каскадёрлик қилди. Ҳар бир актёр каби Митич ҳам бош ролларни орзу қиларди. Лекин унга қадар Виннета ҳақидаги серияларда оммавий саҳналарда чиқишлар қилди, “Венеция катакомбалари” фильмида кичик рол ўйнади.

Асл бош қаҳрамон ва оламшумул шуҳрат уни кўп куттирмади. Гойко Митичнинг адл қадду қомати, томошабинни ром этгувчи мардона кўриниши, бургутдек нигоҳлари ва энг муҳими ролларни қойилмақом ижро этиши режиссёрларнинг назаридан четда қолмади.

1963–1965 йилларда Карл Май, Фенимор Купер каби муаллифларнинг қаламларига мансуб, вестерн асарлар дея аталувчи, ҳиндулар ҳақидаги “Апачилар олтини”, “Виннету – Инчу-чун ўғли” каби фильмларда суратга тушди. 1965 йилда чех режиссери Йожефа Маханинг “Катта айиқ ўғиллари” фильмида эса бош қаҳрамонни ижро этди.

1966 йилда Гойко Митич доимий яшаш учун ГДРга кўчиб ўтди ва 1967 йилда ҳаётдаги ўзининг бош қаҳрамонини, келгусида ҳатто актёрнинг асл исм-шарифини унуттириб юборувчи кинодаги образи – Чингачгук ролини талқин этди.

Режиссер Конрад Пентцольд томонидан суратга олинган “Чингачгук – Катта илон” фильми шунчалар машҳур бўлгандики, энди кўчадаги ҳар бир қизалоқ ҳам Чингалчук (Чингачгук) кимлигини билар, болакайларнинг ўйинларининг асосида ҳиндулар ва бошқа душманлар ўртасидаги жанглар ётар ҳамда бу жангларда албатта Чингалчук ғолиб чиқарди.

Катта муваффақият режиссёрларни фильмни давом эттиришга ундади ва 1988 йилга қадар Гойко Митич ўзининг асосий қаҳрамонини жонлантирган жами 13 та фильм суратга олинди. Бу киноасарларнинг кўпчилиги дунё бўйлаб тарқалди ва кинооламнинг маркази бўлган АҚШда ҳам муносиб баҳоланди.

Айни пайтда Гойко Митич Берлиннинг Кёпеник туманида истиқомат қилади. 2000 йилда у Германия фуқаролигини олган. Афсусланарли жиҳати – ҳинду образи унга шу қадар ёпишиб қоладики, бошқа йўналишларни унга ишонишмас, ёки у образлар шуҳрат қозонмасди. У 1975 йилда театрга ишга кирган ва узоқ йиллар давомида кичик роллар ўйнаб юрган. Шунингдек, Гойко Митич қатор сериалларда ҳам суратга тушган.

Биласизми:

  • Гойко Митич фақат Чингачгук образи билан чегараланиб қолмаслик учун 1977 йилда суратга олинган Виктор Гюго қаламига мансуб “Мария Тюдор” асари асосидаги “Муҳаббат ва қиролича” фильмида ҳам рол ижро этган.
  • Чингачгук ҳақидаги фильмлар турли ўлкаларда суратга олинган. Масалан, “Оқ патли Сардор” Мўғулистонда, “Текумсе” Қримда, “Ульзана” эса Ўзбекистонда – Ургут ва Шаҳрисабз туманлари орасидаги тоғли ҳудудларда суратга олинган. Бу фильмни кўпчилик яхши эслайди, ундаги худди узук сингари йирик ғовак тош ҳали ҳам бор ва йўл бўйидаги бу жой сайёҳлар тўхтайдиган масканга айланган.
Фото: damda.uz
  • Ёши катта мухлисларнинг сўзлаб беришларича, юртимизда суратга олинган фильмнинг оммавий саҳналарига маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам жалб қилинган. Суратга олиш ишлари якунланиб, фильм тайёр бўлгач, Ургутда бўлиб ўтган дастлабки сеансларда томошабинларнинг аксарияти кино томоша қилиш ўрнига кўрсаткич бармоғини экранга қаратиб, жуда кучли ҳаяжон билан “Ана мен!”, “Ана фалончи!” деб қичқиришаверган экан.

Чингачгукка бўлган муҳаббат шунчаларки, юртдошларимиздан айримлари ўз ўғилларига Чингалчук деб исм қўйганлар.

P.S. Сарлавҳада “Чингалчук”ни қўштирноққа олганимизга сабаб: асардаги Гойко Митич ўйнаган қаҳрамоннинг исми Чингачгук, лекин негадир кўплаб юртдошларимиз уни Чингалчук деб атайдилар.

Аброр Зоҳидов

Top