21:57 / 16.03.2022
68305

Ҳаво совиши кутиляпти. Экинларни асраш бўйича мутахассислардан тавсиялар

17–20 март кунлари Ўзбекистон ҳудудида совуқ ҳаво оқими кириб келиши уйғонаётган экинларга зарар етказиши мумкин. Айниқса, ёнғоқ, дўлана, ўрик, олча каби мевали дарахтлар гулини совуқ уриш эҳтимоли бор. Kun.uz экинларни совуқдан асраш бўйича мутахассислар тавсиясини тақдим этади.

2021 йилда баҳорги қисқа совуқ даврида мевали дарахтларни совуқ уриб, ўрик, олча каби дарахтларнинг ҳосили камайганди. Гидрометеорология хизмати маркази маълумотига кўра, бу йил ҳам 17-20 март кунлари Ўзбекистонда кескин совуқ бўлиб, 18 мартда айрим ҳудудларда қор ёғиши кутиляпти. Ҳарорат республиканинг аксар ҳудудларида – 1-2 даража, Қорақалпоғистон ва Хоразмда эса – 2-10 даражагача совиши мумкин. Бу совуқ экин-текинга қандай таъсир қилади, боғбон, деҳқон ва уйида томорқа қилган аҳоли экинини совуқдан қандай ҳимоялаши мумкин?

Қандай ҳароратда дарахтлар гулини совуқ уради?

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассиси Зафар Ортиқовнинг маълумот беришича, олхўри, шафтоли ва нок гуллари совуққа бирмунча чидамли бўлади.

Мева дарахтларининг гулларини – 2-3 даража ҳароратда 5 соат совуқда қолса, хитой хурмоси, ёнғоқ, дўлана дарахтларини тўлиқ совуқ уради. Ўрик, тоғолча, беҳининг 94-96 фоизи, олча, олманинг 89-90 фоизи, олхўрининг 77 фоизи, шафтолининг 70 фоизи, нокнинг 65 фоизини совуқ уриши мумкин.

Нок, олхўри, олма ва ёнғоқ гуллари қисқа муддатли – 2,2-2,8 C, ўрик – 4 С, шафтоли, бодом – 4,5 С ҳароратга бардош беради.

“Лекин, – дейди у, – республиканинг шимолий ҳудудларида мевали боғлар марказий ҳудудларга нисбатан 15-20 кун кеч уйғонади, яъни дарахтларда куртак, ғунча, гул ва тугунчалар кеч шаклланади. Яъни совуқнинг шимолий ҳудудлардаги мевали боғларга ҳеч қандай салбий таъсири бўлмайди”.

Ғалла ва пахта экинларига совуқнинг таъсири

Вазирлик мутахассисига кўра, бу йил республика ҳудудларида буғдойнинг куз ва қиш ойларида туплаш фазасида 17-21 даражагача совуққа чидамли навлари экилган.

Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг шимолий ҳудудларида бугунги кунда кузги буғдой туплаш фазасида ривожланаётганлиги сабабли ушбу совуқ ҳарорат ҳеч қандай салбий таъсирини кўрсатмайди.

“Лекин кузги буғдой тиним давридан кейин эрта баҳорда уйғониш даврида ҳарорат +5 С бўлганда жадал ривожланиб, туплаш фазаси давом этади. Ушбу даврда кутилмаган қисқа муддатли – 5-6 С ҳаво ҳарорати буғдой майсаларини 5-8 кунгача ўсишини сусайтириб, ривождан орқада қолиши мумкин”, – деди Зафар Ортиқбоев.

Мутахассис совуқни пахта экинига таъсири масаласига ҳам тўхталди. Унга кўра, март ойининг биринчи 15 кунлигида кузатилган сурункали ёғингарчиликлар чигит экиладиган майдонларда эрта баҳорги агротехник тадбирлар ва чигит экиш ишларини вақтлироқ бажаришни бир мунча кечиктирмоқда. Республика ҳудудларида чигит экишга ҳали киришилмаганлиги сабабли кириб келаётган совуқ ҳаво оқимининг салбий таъсири кузатилмайди.

Гуллаган дарахтларни қандай ҳимоялаш керак?

Худойберган Аллаберганов, USAID’нинг агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси мутахассиси:

— Cовуқ бошлаганда ёки совуқ келиши гумон қилинса, боғ ичига сомон хашак япроқларни тўплаб, устига сув сепиб намлаб, шамол урадиган тарафга тўғрилаб ёқилади, яъни тутун боғга йўналтирилади ва эрталабгача дуд берилади. Бу орада боғ, токзор суғориб турилади. Хоразмда бу усулни «сомон буғ» деб аташади.

Италияда узумзорни совуқдан сақлаш учун токзорлар орасига, ҳар 10 метрга пақирларда ёнилғи қуйиб ёқилади. Натижада ёнилғи тутаб туради. Аммо Ўзбекистон шароитида бу усул қанчалик натижа бериши ҳақида маълумот йўқ.

Зафар Ортиқов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассиси:

— Мевали боғларни боғ-токзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизилади, қатор ораларига гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади. Бунинг учун боғ ва токзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 метр, баландлиги 0,5-0,75 метрдан тўп-тўп қилиб уюм қўйилади.

Дарахтларнинг ёши ва қалин-сийраклигига қараб ҳар бир гектарда 100-200та уюм ҳосил қилиш керак. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмлар боғнинг шамол эсадиган томонига қўйилади, ҳаво ҳарорати кузатиб борилади.

Ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1 С га тушиши билан уюмлар тутатилади. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатилади. Агар совуқ бўлмаса, уюмлар ўғит сифатида фойдаланилади.

Эркин Усмонжўжаев, USAID’нинг агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси боғдорчилик бўйича етакчи мутахассиси:

— Совуқ келишидан бир неча кун аввал қатор орасини чизеллаб, тупроқ қизишини таъминлаш керак. Суғоришни бир неча кун аввал қилиш керак бўлади, чунки нам ернинг иссиқлик қабул қилиш қобилияти юқорироқ бўлади. Совуқ бўлаётган кун яна сув қуйилади. Шунда боғдаги ҳарорат 0 даражадан пасайиб кетмайди.

Бундан ташқари, чет элдаги боғларда дарахт устидан ёмғирлатиб сув сепиш усулини ҳам қўллашади.

Боғдаги дарахтлар тагига органик ўғитларни куз ойларида кўмиш, қишда уларнинг парчаланиши натижасида ҳам маълум миқдорда иссиқлик ва дарахт учун қўшимча озуқа сифатида совуққа қарши малҳам бўлади.

Совуқ бўлишидан аввал ва совуқ ўтгандан сўнг совуқдан юзага келган стрессларни юмшатиш учун аминокислотали ўғитларни ҳам устидан, ҳам тагидан бериш яхши натижа кўрсатади.

Кузда боғни калийли ўғитлар билан озиқлантириш дарахтларни совуққа чидамлилигини оширади. Боғингиз кичик бўлса, имкон қадар ҳар бир дарахт устига полиэтилен плёнкани парашют кўринишида ёпиб, тагига 1 дона шам ёқиб қўйиш мумкин.

Гуллашга яқин гилос куртаклари шафтоли куртакларидан кўра совуққа чидамсизроқ ҳисобланади. Гилоснинг 10 фоиз гулларини зарарлаши мумкин бўлган ҳарорат шафтоли ва ўрикда гилосга нисбатан камроқ гулларни зарарлайди. Гуллашга яқин гилос куртаклари совуққа чидамсиз бўлиб боради.

Ғаллани совуқдан асраш учун тавсиялар

Зафар Ортиқов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассиси:

— Совуқ тушган ҳудудларда биринчи навбатда ғалла майдонларига маҳаллий ўғит чиқариш ва шарбат усулида суғориш ишларини ташкил этиш, ғалла майдонларида азотли минерал ўғитлар билан қўшимча меъёрда озиқлантириш тавсия этилади.

Шунингдек, макро ва микро элементлар билан бойитилган биостимуляторлар билан барг орқали суспензия усулида озиқлантириш ишларини йўлга қўйиш яхши самара беради.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Top