Иқтисодиёт | 22:10 / 17.03.2022
36629
12 дақиқада ўқилади

Россиядан пул ўтказмалари сезиларли даражада камаймоқда — МБ раиси

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов рубл ва сўм ўртасидаги боғлиқлик, пул ўтказмаларининг камайгани, олтин-валюта захиралари ва инфляцияга оид фикрлари билан ўртоқлашди. У, жумладан, бюджет тақчиллигини тасдиқланган параметрлар доирасида ушлаб туриш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки ташқи иқтисодий шароитдан келиб чиқиб асосий ставкани 14 фоиздан 17 фоизга оширди. МБ раиси Мамаризо Нурмуродов мазкур қарордан сўнг ОАВ саволларига жавоб берди.

— Сўмнинг алмашув курси ҳам бироз вақт ўтгандан кейин рубль ва тенге курси билан бир хил даражада қадрсизланади деган хавотирлар бор. Шундайми ва агар йўқ бўлса сабаби тўғрисида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

— Сўмнинг алмашув курси рубль ёки тенгенинг курси билан бир хил даражада қадрсизланиши керак деган фикр нотўғри, албатта. Ҳар бир давлатнинг ўзига хос макроиқтисодий сиёсати, ташқи савдо алоқалари, капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта сиёсати мавжуд.

Валюта курсининг фундаментал тебраниши энг аввало макроиқтисодий барқарорлик билан боғлиқ.

Бугунги кунда президентимиз раҳбарлигида геосиёсий вазиятларга қарамасдан мамлакатимизда амалга оширилаётган макроиқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни изчиллик билан давом эттириш энг устувор вазифалар этиб белгиланган. Бу эса барқарорликнинг муҳим асоси ҳисобланади.

Ташқи хатарлар шароитида Россия ва Қозоғистонда миллий валютанинг кескин қадрсизланиши бир томондан мамлакатдан капитал оқимининг чиқиб кетиш ҳажмига ҳам боғлиқ. Ҳар иккала давлатда капитал ҳисобварағи нисбатан очиқ бўлиб, норезидентларнинг банк тизимидаги депозитлари ва давлат қимматли қоғозларидаги улуши сезиларли бўлган. Инқирозли вазият бошланиши билан уларнинг чиқиб кетиши натижасида валютага бўлган талаб ортиб, рубль ва тенгенинг кескин қадрсизланиши кузатилди.

Биз эса капитал ҳаракати билан боғлиқ эркинлаштириш жараёнининг дастлабки босқичидамиз. Бизда норезидентларнинг депозитлари ҳам деярли йўқ ва улар давлат қимматли қоғозларига ҳам эгалик қилишмайди. Шу сабабли, ташқи хатарлар шароитида бизда мамлакатдан сезиларли валюта чиқиб кетиш хатари мавжуд эмас ва мос равишда сўмнинг курси нисбатан барқарор бўлиши башорат қилинади.

Иккинчи томондан, миллий валюта алмашув курсининг асосий савдо ҳамкорлардан бўлган Россия ва Қозоғистон валюталари курсига мослашувида рубль ва тенгенинг номинал алмашув курсига эмас, балки реал алмашув курсига, яъни инфляция даражасига мувофиқлашган курсига эътибор бериш керак. Айтайлик, рублнинг курси 20-30 фоизга қадрсизланиши билан мамлакатда инфляция даражаси ҳам ортиб боради ва реал алмашув курси қадрсизланиши пастроқ даражада бўлади.

Шундан келиб чиқиб, сўмнинг ҳам келгусида айнан қўшни давлатлар валюталари даражасида кескин қадрсизланишини кутиш, валюта курси қадрсизланишда давом этар экан, деб ваҳима уйғотиш нотўғри бўлади.

— Пул ўтказмалари бўйича прогнозлар қандай?

— Март ойидан буён Россиядан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада камаймоқда. Хусусан, 2022 йил март ойининг биринчи ярмида Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмаларининг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли пасайиши кузатилмоқда. Бироқ, пул ўтказмаларининг қисқариши фақат рублнинг қулаши туфайли содир бўлганини ҳали ҳам аниқ айтиш қийин. Катта эҳтимол билан, юқори даражадаги ноаниқликлар бу ерда катта роль ўйнайди, бу меҳнат муҳожирларининг пул жўнатиш ёки юбормаслик қарорларига таъсир қилади.

Россияда санкциялар натижасида юзага келган иқтисодий вазият ўрта муддатли истиқболда пул ўтказмалари манбаларида таркибий ўзгаришлар ва ички бозоримизда хорижий валюта таклифининг тикланиши кузатилади.

— Мамлакат олтин-валюта захиралари ҳажми яқин келажакда қандай ўзгаради?

— Биринчидан, Марказий банк валюта интервенциялари сиёсатида “нейтраллик” тамойилига амал қилишда давом этади. Бу Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажмининг ўзгаришига таъсир қилмайди.

Иккинчидан, олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи халқаро захиралар ҳажмининг ўзгаришига таъсир қилади. Жаҳон бозорида олтин нархи йил бошидан буён (2022 йил 16 март ҳолатига кўра) қарийб 7 фоизга ошди, бу халқаро захираларни қўллаб-қувватловчи омил ҳисобланади. Яқин келажакда, геосиёсий кескинлик пасайиши ҳисобига олтин нархининг йил бошидаги даражага қайтишини кутишимиз мумкин.

Учинчидан, умумий фискал тақчиллик нархлар ва молиявий барқарорликка таъсир қилувчи омиллардан бири эканини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун бюджет тақчиллигини тасдиқланган параметрлар доирасида ушлаб туриш муҳим аҳамиятга эга.

— Ўзбекистон ички бозоридаги нархлар ўсиш динамикаси ва аҳолининг инфляцион кутилмаларида қандай ўзгаришлар юз берди?

— Марказий банк кузатувлари натижаларига кўра, март ойининг биринчи ярмида республика ҳудудларида асосий истеъмол товарлари нархи 0,6 фоизга ошган. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга ва хизматлар 0,2 фоизга қимматлашди.

2022 йил февраль ойида ўтказилган сўровга кўра, уй хўжаликларининг кейинги 12 ойлик инфляцион кутилмалари 14 фоизни ташкил этди. Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари 0,3 фоиз бандга ошди ва 14,6 фоизга тенг бўлди.

Жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия нархларининг сезиларли даражада ошиши, ташқи етказиб бериш географиясининг қисқариши ва ўзгариши, истеъмол товарларини импорт қилишда логистика билан боғлиқ муаммолар йил охиригача ички нархларга қўшимча босим ўтказиши эҳтимоли ортиб бормоқда.

Ҳозирги шароитда Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимликлар номонетар омилларни бартараф этиш, шу жумладан, бозорларда таклифнинг зарур ҳажмларини таъминлаш йўли билан ички нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрмоқда.

— Ҳозирги вазият Ўзбекистон банк тизимига таъсир қилиши мумкинми?

— Юзага келган вазиятда Марказий банк томонидан ташқи савдо алоқалари бўйича тўлов тизимининг узлуксиз ишлаши ва молиявий барқарорликни таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Биз савдо ҳамкорларимиз банклари олдидаги молиявий мажбуриятларнинг бажарилишини ва улар билан боғлиқ рискларнинг банк тизимининг ликвидлигига таъсирини баҳолаш учун дастлабки стресс-тестларини ўтказдик. Олинган натижаларига кўра, хатарли сценарий шароитларида ҳам маҳаллий банкларнинг ликвид маблағларида маълум бир даражада пасайишлар кузатилсада, етарли миқдорда ликвидлилик буферларининг мавжудлиги ҳисобига минимал талаблардан камайиб кетиш ҳолатлари юзага келмайди.

Банк тизимини зарур ликвидлик билан таъминлаш мақсадида Марказий банк тижорат банкларига зарур ҳолларда қисқа муддатли ликвидлик беради. Марказий банкда тижорат банкларида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди, банклар билан мунтазам оператив алоқа каналлари йўлга қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, тижорат банклари аҳоли ва тадбиркорларнинг талаблари бўйича тўловлар ва бошқа мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажаришлари учун барча имкониятларга эгалар.

— Банк тизимида долларлашув даражаси юқорилигича қолмоқда ва бу тижорат банклари учун пруденциал норматив чораларини бажаришда қийинчиликни юзага келтириши мумкин. Ушбу йўналишда Марказий банк томонидан қандай чоралар амалга оширилиши режалаштирилган? Экспертлар юқори долларлашув даражаси сабабли айрим давлат банклари капитал етарлилиги бўйича муаммоларга дуч келиши мумкинлигини билдиришмоқда. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланиладими?

— Бугунги кунда банк тизимида депозитлар долларлашуви

41 фоизни ва кредитлар долларлашуви 47 фоизни ташкил этмоқда. Таъкидлаш жоизки, банкларда долларлашув даражаси юқори бўлгани билан хорижий валюта номутаносиблиги кўрсаткичлари юқори эмас. Яъни, хорижий валютадаги активлар ва мажбуриятларнинг суммаси ўртасидаги тафовут минимал даражада сақланмоқда. Шу сабабли, ҳам айирбошлаш курсидаги ўзгаришлар банкларнинг молиявий ҳолатига катта таъсирга эга бўлмайди.

Иқтисодиётда долларлашув даражасини пасайтириш мақсадида бир қатор чоралар амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижий валюта жалб этилган депозитлар бўйича мажбурий захира меъёрларининг миллий валютадаги депозитларга нисбатан юқорилиги, аҳолига хорижий валютада кредитларнинг ажратилмаслиги ва хорижий валютада юқори фоиз ставкада ажратилган кредитларнинг хатарлилик даражасининг оширилганлиги каби чоралар шулар жумласидандир.

Ўз навбатида, жорий ташқи хатарлар шароитида Марказий банк ички валюта бозорига интервенциялар ҳажмини ошириш ва Марказий банк асосий ставкасини йиллик 17 фоизгача ошириш орқали иқтисодиёт субъектларининг девальвацион кутилмаларини жиловлашни мақсад қилинган. Ушбу чоралар миллий валюта алмашув курсининг барқарорлашишига хизмат қилади. Бу эса банк тизими ва умумий молиявий барқарорликка ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, юқори долларлашув даражаси шароитида валюта курси ўзгаришининг банкларнинг капитал монандлиги кўрсаткичига салбий таъсири эҳтимоли мавжуд бўлиб, ушбу таъсир кўлами сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиш даражасига боғлиқ.

2022 йил 1 февраль ҳолатига умумий банк тизимининг капитал монандлилик даражаси 17,4 фоизни ташкил этган. Бугунги кунда Марказий банк томонидан турли сценарийлар асосида банк тизими молиявий ҳолати стресс-тестдан ўтказилмоқда ва юзага келиши мумкин бўлган салбий таъсирларни олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриб борилади. Бироқ, капитал монандлилик кўрсаткичининг бугунги кундаги етарлилик даражасида бўлганлиги сабабли давлат банклари капиталини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар режалаштирилмаган.

— Банк тизимида муаммоли кредитлар (NPL) ҳажмининг ортишини кутиляптими? Агар Россия ва бошқа давлатлардан пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли даражада қисқариши кузатилса (Жаҳон банки 21 фоизга қисқаришни прогноз қилмоқда), бу аҳоли томонидан кредит тўловлари бўйича муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмайдими? Регулятор муаммоли кредитлар ҳажми ортишини олдини олиш бўйича қандай чораларни режалаштирган?

— Таъкидлаш жоизки, юзага келган ташқи хатарли вазият бўйича ноаниқлик даражаси юқори бўлиб, унинг ривожланиши бўйича эҳтимолий кутилмалардан келиб чиқиб Марказий банк молиявий тизим кўрсаткичларини стресс-тестдан ўтказмоқда.

Бунда, пул ўтказмалари камайиши ҳисобига аҳоли даромадларининг қисқариши, ўз навбатида, уларнинг кредит тўлови интизомига ҳам маълум маънода кўрсатади, албатта.

Тўлов интизомида салбий ўзгаришлар кузатилиши бориши билан Марказий банк ҳам ўз навбатида, банк тизимида муаммоли кредитлар ҳажми ўсишини олдини олиш бўйича чораларни амалга оширади ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, зарурият юзага келганда тижорат банкларига ҳар бир мижоз бўйича алоҳида ёндашишни тавсия этмоқда.

— Марказий банк асосий ставкаси оширилди, бунинг аввал олинган кредитларга, хусусан таълим кредитларига таъсири бўладими ёки йўқми?

— Марказий банкнинг асосий ставкаси (олдинги қайта молиялаш ставкаси) ўзгартирилган тақдирда унинг жорий кредитларга таъсири шартномада белгиланган шартлар асосида бўлади. Хусусан, тижорат банклари ва мижозлар ўртасида ўзгармас фоиз ставкаларида тузилган шартномаларга Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришлари таъсир этмайди.

Банклар ва мижозлар ўртасида тузилган ўзгарувчан фоиз ставкали, хусусан, Марказий банк асосий ставкасига боғланган ҳолда тузилган фоиз ставкалари шартномаларга таъсири эса ушбу шартномада келишилган шартлар ёки кредит ажратиш бўйича тегишли Низом талабларига мувофиқ бўлади.

Жумладан, олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитини ажратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18-августдаги 527-сонли “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори орқали тартибга солинади.

Ушбу қарор билан тасдиқланган низомнинг 22-бандига мувофиқ, таълим кредити тижорат банклари томонидан кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади. Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид