15:10 / 20.03.2022
17746

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон ҳукуматини истеъфога чиқарди

Туркманистоннинг янги сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедов Вазирлар Маҳкамасининг тўлиқ таркибдаги истеъфосини қабул қилди. Туркманистон телевидениесининг «Ватан» ахборот дастурида айтилишича, вазирларнинг истеъфоси Туркманистон конституциясига мувофиқ амалга оширилди - янги сайланган президент инаугурация маросими якунида тегишли қарорни имзолаган.

Ҳужжатга кўра, ҳукумат аъзолари янги ҳукумат тузилгунга қадар ўз лавозим мажбуриятларини бажаришда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилдан буён Туркманистон президенти бўлган 2022 йил 11 февраль куни Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматни ёш авлодга топширишга қарор қилгани, ўзи эса парламент юқори палатаси раиси бўлиб қолишини маълум қилди.

Шундан сўнг унинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов номзоди президентлик учун илгари сурилди.

12 март куни навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди. Овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 97,17 фоизи ёки 3 миллион 362 минг 52 нафари иштирок этди. Марказий сайлов комиссияси барча бюллетенларни санаб чиққач, 72,97 фоиз овоз олган Демократик партиядан номзод Сердар Бердимуҳамедов ғалаба қозонгани эълон қилинди. 

Top