Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги биринчи ИЭС қурилишига старт берди
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев бўлажак станциянинг қуввати ва самарадорлиги ҳақида сўзлади.
Лойиҳа умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади, йилига 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб, йилига 1 миллиард куб метр табиий газ тежалади.
Мажмуа Сурхондарёдаги биринчи, охирги йилларда республикада барпо этиладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади.
Қайд этилишича, Сурхондарё нефть, газ, кўмир, қимматбаҳо ва рангли металлар, кўп турдаги безак тошлар каби 100 дан ортиқ конларга эга бўлса-да, улар етарли даражада ўзлаштирилмаган. Шунинг учун келгуси беш йилда бу вилоятда 7 миллиард долларлик 5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси Сурхондарёдаги 500 минг хонадонни ҳам нурга тўлдиради. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонга йилига камида 3 миллиард киловатт-соат электр энергиясини экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Лойиҳа Германиянинг “Siemens Energy”, Франциянинг “ЕDF”, Нидерландиянинг “Stone City Energy” компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Давлат раҳбари соҳада хусусий капитал иштирокига кенг имкониятлар очилаётганини таъкидлади.
– Биз охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотларни амалга ошириб, соҳани тўлиқ трансформация қилмоқдамиз. Жумладан, электр ишлаб чиқаришга илк бор хусусий сектор иштироки учун кенг имкониятлар очилди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 1 минг Мегаваттдан зиёд бўлган 5 та электр станцияси давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбирда иштирок этган “Siemens Energy” компанияси президенти Кристиан Брух ва “ЕDF” компанияси ижрочи директори Беатрис Буффон Ўзбекистонда энергетика тизими замонавий технологиялар асосида модернизация қилинаётганини юксак баҳолади.
Шундан сўнг, давлат раҳбари инвесторлар билан бирга рамзий тугмани босиб, иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди. Станцияни 2024 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.
Мавзуга оид
22:12 / 22.11.2024
Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти билан учрашди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
20:24 / 22.11.2024