22:44 / 27.03.2022
30437

Блинкен: «АҚШда Россия ҳукуматини ўзгартириш режаси йўқ»

Фото: Reuters

АҚШ Россияда ҳукуматни ўзгартиришни мақсад қилмаган. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.

Варшавада нутқ сўзлаган АҚШ президенти Жо Байден Путин ҳақида гапирар экан бу инсон ҳукуматда қолмаслиги керак деб айтганди. Кремль расмий вакили Дмитрий Песков Байденнинг гапига муносабат билдирар экан шундай деди: «Бу Байденнинг иши эмас, Россияда президентни россияликлар сайлайди».

Кейинроқ Оқ уй Байден Россияда ҳукумат ўзгаришига чақирмаганини маълум қилди: «Президент Байден Путиннинг Россиядаги ҳукмронлиги ёки ҳукумат ўзгариши ҳақида гапиргани йўқ», дейилади Оқ уй баёнотида.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам бу ҳақда гапирди: «Менимча, президент аниқ қилиб гапирди: Путин ўз ваколатидан уруш очиш, Украина ёки бошқа бировга нисбатан агрессив ҳаракатлар амалга ошириш учун фойдаланмаслиги керак», деди Блинкен Қуддусдаги сафари давомида ўтказилган матбуот анжуманида.

Блинкен АҚШ Россияда ҳукуматни ўзгартиришни мақсад қилмаганини такрорлади: «Бу ҳақда бир неча марта айтганмиз, Россия ҳукуматини ўзгартириш ниятимиз йўқ. Бошқа жойда ҳам бундай мақсадимиз бўлмаган. Бу давлатларнинг ўз фуқароларига, айни ҳолатда Россия халқига боғлиқ нарса», деди давлат котиби.

Байден ҳам Россияда ҳокимиятни ўзгартиришга чақирмаганини тасдиқлади.

У журналистнинг Россия президенти алмашишини исташ-истамаслиги ҳақидаги саволига жавобан қисқача қилиб «йўқ» деди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top