20:17 / 30.03.2022
44166

Фото: Президентлар Хивани зиёрат қилди

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Хивадаги Ичан қалъага ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумки, икки етакчининг ҳам тарихга қизиқиши, ҳурмати баланд. Давлатимиз раҳбари Туркияга ташрифи чоғида Истанбулдаги Топкапи саройини бориб кўрган эди. Ражаб Тоййиб Эрдўған илгари юртимизга келганида Бухорони зиёрат қилган.

Бу қалъа Марказий Осиёда сақланиб қолган бирдан-бир бутун бошли шаҳар-ёдгорликдир. Унинг «очиқ осмон остидаги музей» дея эътироф этилиши шундан. Бу ерда 120 дан зиёд меъморий обидалар бор.

Хива шаҳри 1990 йил 12 декабрда ЮНЕСКО Маданий мерос рўйхатига киритилган. 1997 йилда шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи нишонланган.

Бу узун тарих давомида Хива кўплаб туркий давлатларнинг маркази бўлган. У 2020 йилда Турксой халқаро ташкилоти томонидан Турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинган.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг бу қадимий шаҳарга ташрифи катта маънога эга. 

Меҳмонлар Ичан қалъадаги Ота дарвоза, Кўк минора, Кўҳна арк саройи ва мадрасалар, ҳунармандлик расталарини кўздан кечирди. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Жума масжиди зиёрат қилинди. 

Давлат раҳбарлари ҳунармандлар, сайёҳлар билан самимий суҳбатлашди. 
Хоразмча қўшиқ ва рақслар ижроси барчага кўтаринки кайфият бахш этди. 

Хиванинг давлатчилик ва илм-фан ривожида тутган ўрни, қадимий обидалари ва санъати туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Top