09:04 / 30.03.2022
8749

Етакчилар ўз сўзини айтган, финалга «ўхшамаган» финалдан фоторепортаж

29 март куни Наманганда «Navruz Cup» турнири якунланди. 

Финалда Ўзбекистон миллий жамоаси Африка вакили Уганда (4:2) билан баҳс юритди. Финалларда одатда голлар кам бўлади. Аммо бу галгиси мухлислар истаганидек голларга бой бўлди. Шу куни «оқ бўрилар»нинг ҳужум чизиғида асосий таркибда майдонга тушган 4 ўйинчи ҳам ўз ҳисобига гол ёки ассистни ёздириб қўйди. 

Биринчи бўлимнинг 34-дақиқасида Жалолиддин Машарипов рақиб посбони ва ҳимоячисининг тушунмовчилигидан фойдаланиб, ҳисобни очди. 39-дақиқада эса Элдор Шомуродов Азиз Омонов билан «девор» услубида пас ўйнаб, яккама-якка вазиятга чиқди ва совуққонлик билан ҳисобни ишончли кўринишга келтирди.

Иккинчи бўлим бошида мезбонлар бироз хотиржамликка берилишди ва натижада 52-дақиқада Фаруку Мийа ажойиб комбинациядан сўнг ҳисобни қисқартирди. Лекин Ўзбекистон меҳмонларнинг иштаҳаси очилишига йўл қўймади ва 55-дақиқада Шомуродов ўзи қатнашган ҳужумни муваффақиятли якунлади,  ассистент — Ҳожимат Эркинов. Шу куни тўхташни истамаган Элдор 72-дақиқада Жалолиддиннинг узатмасидан кейин ҳет-трик қайд этди. 78-дақиқада меҳмонлар сардори Эммануэль Окви узоқ масофадан зарба бериб, баҳсдаги сўнгги тўпни киритди.

Шу тариқа илк бор ташкил этилган мусобақада мезбон Ўзбекистон ғолиб бўлди. 3-ўрин учун   ўйинда Тожикистон Қирғизистонни минимал ҳисобда мағлуб этди.

Дўппи кийдириш билан бошланган, супер атмосферада ўтган қувноқ финалдан олинган фотосуратларни томоша қилинг.

Боймирза Халилов олган суратлар

Top