Ўзбекистон | 14:52 / 31.03.2022
13323
4 дақиқада ўқилади

«Ҳар куни велосипедда ҳасип сотишга чиқаман» — хонқизлик ҳасипчи

Иш юзасидан Фарғона тумани Хонқиз қишлоғига борганимизда, велосипедига тоғора ўрнатиб олиб егулик сотиб кетаётган киши эътиборимизни тортди. У одамларга йўл-йўлакай ҳасип сотарди. Сотувчи ортидан эргашиб у билан суҳбатлашдик. Ўзини Раҳматилла Тожиалиев деб таништирган ҳамюртимиз қишлоқда ҳасип ва пиширилган мол туёғи сотиш билан шуғулланар экан.

Хонқизликлар Раҳматилла ака тайёрлаган ҳасиплар қишлоқнинг ҳар бир хонадонига кириб борганини таъкидлашди.

Раҳматилла аканинг ўғиллари қассобчилик билан шуғулланишади. У тайёрлаган ҳасипларни қишлоқдошларига бозордан кўра арзон нарҳда сотар экан.

«48 йилдан бери устачилик, сартарошлик қилиб халқнинг тўй-у маъракаларида хизмат қиламан. Пенсияга чиққанимга 5 йил бўлди. 65 ёшга кирдим. Фарзандларим уйда қўй ва мол сўяди, сўйилган ҳайвон гўштидан ҳасип тайёрлаб халққа тарқатаман.

Бозорда 1 кг ҳасип 45 минг бўлса, мен қишлоқдошларимга 25 минг сўмдан тарқатаман. Халққа ҳарна ёрдам бўлсин деб. Кеча тайёрланган ҳасипни бугун кўчага олиб чиқиб ярим соатга қолмай сотиб тугатдим. Энди менга туёққа буюртма беришди. Харидорларга мол туёғини пишириб, целлофан халтага солиб, иссиқ ҳолатда олиб бориб бераман.

Қишлоқда қайси хонадон буюртма берган бўлса, ўша хонадонга етказиб бераман. Туёқ таркибида калий моддаси борлиги учун оёқ ва бел оғриқларга даво ҳисобланади.

Қон босими борларнинг “давление”сини туширади. Туёқ ва ҳасипни ўзим алоҳида қилиб пишираман. Қорин ва ўпкадан ҳасип, туёқни алоҳида пишираман.

6 та маҳаллага олиб бориб сотаман. Ҳар 5 кунда бир маҳаллага оралайман. 25 кун ўтиб яна биринчи кирган маҳалламга кираман. Унгача “клиентларим” ҳасипни соғинишиб қолади.

Туёқ донаси хоми бозорда 30 минг. Мен пишириб тайёрлаб 25 минг сўмдан сотаман. Ҳасипнинг бир донасини тарозига қўйсангиз, 7 минг сўмга тўғри келади. Мен эса аҳолига 5 минг сўмдан сотаман. Молни ўзимиз сўйганимиз учун ҳам арзон сотишга ҳаракат қиламан.

Туёқни тозалаб ювиб, бир кун тургач чопиб, қозонга солинади. 8 соатдан кейин пишганида олиб тарқатаман.

Ҳасипда эса бир кун давомида қорин ва ўпкани тозалаймиз. У 5 соатда пишиб етилади. Гўштни чопиб чиқиб ҳасип тайёрланади. Ундан кейин яна бир соат қозонда қайнайди. Бир соатдан кейин олиб совитиб эртаси куни сотиб келаман», – дейди у.

Раҳматилла аканинг ҳасип ва туёқ сотаётганига 10 йил бўлди. У 1975 йилда Шоҳимардон қишлоғида сартарош бўлиб ишлаган.

«Туёқ ва ҳасипни қишин-ёзин пишириб сотаман. Ёз фаслида пишган ҳасипни қозондан олибоқ сотувга олиб чиқиб кетаман. Сотиб олаётган аҳолига ўрик ва совуқ сув ичиб қўймасликларини уқтираман. Иссиқ кунларда сотилмай қолган ҳасипни музлатгичга қўймайман.

Икки ўғил ва уч нафар қизим бор. Қизларимни чиқарганман. Невара-чеваралиман. Ўғилларим қассобчилик қилишади. Ўзларининг дўконлари бор. Хонадонимда новвос ҳам боқиб, семиртириб, ўғилларимга сўйишга тайёрлаб бераман. Уйимизда 15 бош новвос боғланган. Кичик новвос 150 кг, каттаси 400 кг гўшт қилади. Ҳайвонларга тонг саҳар 6:00 дан 7:30 гача қарайман. Кечки пайт соат 17:00 дан 18:30 гача қарайман. Ўзимиз парвариш қилиб сўйган ғўнажин гўштини 60 мингдан сотяпмиз. Новвос гўштини эса 70 минг сўмдан сотамиз.

Битта қорамолдан катта кичиклигига қараб 30-35 та ҳасип чиқади. 4 килограммдан 7 килограммгача. Ҳасипнинг таркибига туз, қалампир, зиравор, мурч, кашнип қўшамиз. Саримсоқ пиёзли ҳасип истеъмол қилувчиларга алоҳида тайёрлаб берамиз. Саримсоқ пиёз қўшилган ҳасипнинг мазаси бошқача бўлади», – дейди суҳбатдошимиз.

Сарвар Зияев суҳбатлашди.

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид