Жаҳон | 10:01 / 31.03.2022
8894
3 дақиқада ўқилади

Россияда товарни бренд эгасининг рухсатисиз импорт қилиш қонунийлаштирилди

Россия қонунчилигига кўра, параллель импорт яширин контрабанда турларидан бири деб кўрилади. Украинадаги вазият муносабати билан кўплаб ғарб компаниялари ўз товарларини Россияга етказиб беришни тўхтатган.

Фото: Reuters

Россия ҳукумати параллель импортни қонунийлаштириш масаласини маъқуллади, бу импорт қилинадиган маҳсулотларни етказиб берувчиларга уларни товар белгиси эгасининг рухсатисиз Россияда сотиш имконини беради. Бу ҳақда 30 март, чоршанба куни «Интерфакс» агентлиги хабар қилди.

«Ушбу механизмнинг мақсади - интеллектуал фаолият натижаларини ўз ичига олган товарларга бўлган талабни қондириш. Шу пайтгача уларни муаллифлик ҳуқуқи эгасининг рухсатисиз мамлакатимиз ҳудудида сотиш мумкин эмас эди», деди Россия бош вазири Михаил Мишустин санкциялар шароитида мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини ошириш бўйича ҳукумат комиссияси йиғилишида. 

«Бундай ёндашув, жумладан, хорижий сиёсатчиларнинг нодўстона ҳаракатларига қарамай, мамлакатимизга товарлар етказиб беришни кафолатлайди», — деди у.

Мишустиннинг сўзларига кўра, муаллифлик ҳуқуқи эгасининг рухсатисиз Россияга олиб кириш мумкин бўлган маҳсулотлар рўйхати саноат тармоқларининг таклифи бўйича Россия Саноат ва савдо вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Параллель импорт ёки «хуфиёна» импорт товар белгисига эга бўлган товарларни товар белгиси эгасининг рухсатисиз мамлакатга олиб киришни англатувчи атамадир, яъни бундай товарлар ваколатли дилерлар орқали расмий олиб киришга «параллель» равишда кириб келади.

Яқин вақтгача параллель импорт Россия Фуқаролик кодексининг 1487-моддаси билан тақиқланганди, унга кўра товарлар тўғридан тўғри ҳуқуқ эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан олиб кирилиши мумкин. Россия қонунчилигига кўра, «соядаги» импорт товарларнинг қонуний импорти кўринишида яширинган контрабанда ҳисобланади. 

Бироқ, Мишустиннинг сўзларига кўра, Россия «яқинда ҳукуматга дунёнинг исталган нуқтасида товар эгаси томонидан сотилган товар белгисига бўлган ҳуқуқлар бекор бўлишини англатувчи халқаро принцип ўрнатилган маҳсулотлар рўйхатини белгилаш ҳуқуқини берувчи қонунни қабул қилди».

Украинадаги вазият муносабати билан кўплаб ғарб компаниялари Россияга ўз товарларини етказиб бериш ва мамлакатда ишлашни тўхтатганини эълон қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид