18:20 / 03.04.2022
30414

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг илк мавсуми ғолиблари эълон қилинди

Молия вазирлиги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йил 1-ярим йиллик мавсуми учун ғолиблар тасдиқланганини эълон қилди. Унга кўра, 69,7 мингта ташаббусдан 40,2 мингтаси модерациядан ўтиб овозга қўйилган ва улар жами 6 718 133 та овоз йиғган. Улар орасидан 2215та ташаббус ғолиб деб топилди.

Ғолиб деб топилган лойиҳалардан намуналар / Openbudget.uz сайтидан скриншот

Мазкур ташаббусларни амалга ошириш учун бюджетдан 1,1 трлн сўм ажратилган.

Ташаббуслар ҳудудлардаги ижтимоий муаммолар ечими юзасидан бўлиб, маҳаллий йўлларни асфалтлаш, ижтимоий муассасалар – мактаб, боғча, шифохоналарни таъмирлаш, маҳаллаларни ичимлик суви билан таъминлаш каби таклифлар шулар жумласидан.

Фуқаролар томонидан таклифлар 1 февралдан 22 февралгача қабул қилинган эди. Қабул қилинган ташаббуслар модераторлар томонидан кўриб чиқилгач, овоз бериш жараёни 5 мартдан 1 апрелгача давом этди.

Овоз тўплаш жараёни қизғин кечганини таъкидлаш лозим.

Фаол ва ўз ҳудудига бефарқ бўлмаган фидойи инсонлар ҳар бир ташаббус бўйича алоҳида режалар ишлаб чиқишди, турли тактика ва стратегиялар қўллашди. Жойларда тарғиботнинг турлича усуллари қўлланди. Маҳалла раислари уйма-уй юриб ишлади.

Жойларда фуқаролар ўз лойиҳаларини фаол ташвиқот қилди, бунда ташвиқотнинг қонун билан тақиқланмаган турли йўлларидан фойдаланилди. Айрим ҳудудларда овозлар учун пул тўлаш ҳолатлари ҳам кузатилди, бунда битта овоз учун 2 минг сўмдан бошлаб нарх таклиф қилинди. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар томонидан турли маъмурий йўллар билан танланган таклифларга кўпроқ овоз йиғилган ҳолатлар ҳам бўлди.

Илк бор ўзбекистонликлар бирдамлик билан бюджетни тақсимлаш жараёнида қатнашишди. Бюджет пуллари халқники эканлигини танасида ҳис қилишди ва бу пулларни сарфлашда иштирок этишди. Энг муҳим деб ҳисобланган лойиҳалар қўллаб-қувватланди.

Айтиш мумкинки, бу лойиҳа ўзбек халқининг салоҳиятини кўрсатиб берди. Бу ўзбекистонликлар давлат пуллари қандай ишлатилишига бефарқ бўлмасликлари, бюджетдан қандай фойдаланилиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатишни ўргана бошлаганидан далолат бўлди.

Республиканинг турли нуқталарида қизғин курашларда қатнашган аҳоли вакиллари энди ўз меҳнати самарасини кўради. Ғолиб бўлган лойиҳалар иштирокчилари ғалабани катта хурсандчиликлар билан нишонлашмоқда. 

Хусусан, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Катта Қашқар маҳалласи ғалабани карнай-сурнай билан нишонлади.

Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Бўстон” маҳалласи аҳолиси Ёғду кўчасини асфальт қилиш лойиҳаси “Ташаббусли бюджет”да ғалаба қозонганини салют отиб нишонлади.

“Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсуми июл ойида старт олади. Унда ҳар бир фуқаро ташаббускор ва овоз берувчи бўлиши мумкин. Биринчи мавсумда иштирок этган ва етарли овоз тўплай олмаган лойиҳалар долзарблигини йўқотмаган бўлса, иккинчи мавсумда такроран иштирок этади.

Top