12:03 / 03.04.2022
17090

Хоразмда беҳаё видеони реклама мониторига юклаган ходим жазоланди

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан 1978 йилда туғилган И. И. га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 

Аниқланишича, И. И. мониторларда реклама жойлаш билан шуғулланувчи хусусий корхонада ҳайдовчи лавозимида ишлаган. Шунингдек, қўшимча равишда шаҳардаги мониторларга реклама жойлаш вазифасини бажарган. 

31 март куни И. И. Урганч шаҳрининг Ал-Хоразмий ва Хонқа кўчаси туташган чорраҳада ўрнатилган реклама мониторига видеоматериал жойлаб, унда порнографик мазмундаги видеолавҳа намойиш этилишига сабабчи бўлган.

Суд ҳуқуқбузарнинг кўрсатмаси, ишга доир ҳужжатларни ўрганиб, И.И. томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасида (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (13,5 млн сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Видеоматериалларни мониторга жойлашда фойдаланилган мобил телефон ва симсиз интернет тармоғига уланиш аппаратини давлат фойдасига мусодара қилиш белгиланди.

Top