Ўзбекистон | 23:11 / 04.04.2022
9829
4 дақиқада ўқилади

Ҳокимларга ўз ҳудудида радар ўрнатиш ҳуқуқи берилди

Туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларида йўллардаги қоидабузарликларни қайд этувчи фото ва видеорадарлар ўрнатиш ҳуқуқи берилди. Бунда жарималарнинг 30 фоизи маҳаллий бюджетга тушади. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва ҳудудий комиссиялар тузилди. 1 июлдан “Хавфсиз йўл” индекси жорий этилади.

Фото: KUN.UZ /Муҳаммаджон Ғаниев

Ўзбекистонда туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди.

Мазкур дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига йўналтирилади.

Бу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга сарфланади. Бу – 4 апрел куни имзоланган президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга асосан, автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва унинг ҳудудий махсус комиссиялари тузилди.

Махсус комиссиялар зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилди:

  • йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, йўл инфратузилмасининг хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш;
  • ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини мунтазам равишда баҳолаб бориш, ушбу соҳада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг самарали фаолият кўрсатишини назорат қилиш;
  • йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини чуқур ўрганиш, йўлларнинг хавфли авария участкалари рўйхатини тасдиқлаш орқали келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан илмий асослантирилган таклифлар тайёрлаш тизимини яратиш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, инсон омили ва коррупция ҳолатларини истисно этувчи автоматлаштирилган назорат тизимларини оммалаштиришга доир тадбирларни белгилаш;
  • ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини қисқартириш бўйича дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш ва келишиш.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари махсус комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланади. Ишчи органлар мунтазам равишда тегишли давлат органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишларини таҳлил қилиб боради ва махсус комиссияларнинг йиғилишларида муҳокама қилиш учун ҳужжатларни тайёрлайди.

Ҳудудий махсус комиссиялар ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига муҳокама қилиш учун киритади ва натижалари бўйича республика махсус комиссиясига ҳисобот тақдим этади.

Ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш ва бу борада маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида “Хавфсиз йўл” индекси (кейинги ўринларда – индекс)ни юритиш амалиёти йўлга қўйилади.

Бунда:

  • индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан 5-иловага мувофиқ 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади;
  • туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади;
  • индексни юритиш вазифаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари зиммасига юкланади.

Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда етакчи илмий ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда, индексни юритиш методологияси ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш юклатилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид