07:38 / 04.04.2022
10470

Покистонда миллий ассамблея тарқатиб юборилди

Покистон президенти Ориф Алви бош вазир Имрон Хонга нисбатан ишончсизлик билдириш бўйича вотум тўсиб қўйилгач, парламент қуйи палатасини тарқатиб юборди. 90 кундан кейин мамлакатда янги сайловлар ўтказилиши кутилмоқда.

Фото: AP

Покистон президенти Ориф Алви 3 апрель, якшанба куни мамлакат парламенти қуйи палатаси – миллий ассамблеяни тарқатиб юборди. Бунгача Покистон парламенти вице-спикери Қосим Хон Сури бош вазир Имрон Хон ҳукуматига ишонч билдириш масаласи бўйича овоз бериш жараёнини бекор қилиб, бу конституцияга зид бўлишини кўрсатган эди.

Энди Покистонда 90 кундан кейин навбатдан ташқари сайловлар ўтказилиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, сайловни ташкил этиш бўйича расмий сўров аллақачон президентга юборилган.

Мухолифат Покистон бош вазирини самарасиз иқтисодий бошқарув ва коррупцияда айбламоқда. Шу ҳафта бошида Хон коалициядаги асосий ҳамкорларнинг ёрдамини йўқотди ва натижада парламентдаги кўпчиликдан маҳрум бўлди. Тахминларга кўра, агар ишончсизлик вотуми бўйича овоз бериш жараёни ўтказилганида, у ўз лавозимини йўқотган бўларди.

Бош вазирнинг ўзи эса уни ҳокимиятдан четлатишга қаратилган уринишлар ортида АҚШ турганини, ушбу давлатга унинг Хитой ва Россия билан яхши муносабатлари ёқмаётганини айтди. Вашингтон бу айбловларни рад этган.

Top