Ўзбекистон | 21:47 / 04.04.2022
40494
10 дақиқада ўқилади

Термизда дорихонадан чек сўраган Kun.uz мухбири “самосуд” қилинди

Kun.uz журналисти Аббос Салайдинов Термиз шаҳридаги дорихоналардан бирида хариди учун чек талаб қилиши ортидан дорихона сотувчиси ва раҳбари томонидан калтакланди. ИИБ ҳодисада жиноят аломатлари йўқ деб топиб, маъмурий иш қўзғатди.

Воқеа 18 март куни – Аббос Салайдинов Наврўздаги қисқа таътилни ота-онаси билан ўтказиш учун Сурхондарёга борганида рўй берган. Журналист Термиз шаҳридаги дорихоналардан бирида харидни амалга ошириб, харид учун назорат-касса машинасининг чекини сўраган. Бироқ сотувчи пластик карта билан савдо қилинганида фақат терминал чеки берилишини айтган.

“Шундан сўнг, “солиққа телефон қилиб, сўраб кўрайми?” дедим. Бу гапимдан қўрқиб, чек беради деб ўйлагандим. Лекин у “бемалол” деб жавоб берди. Дўкон ташқарисига чиқиб, солиқ хизматининг ишонч рақамини қидира бошладим. Ниятим – ишонч рақамидаги ходимга вазиятни тушунтириб, уни сотувчи қиз билан гаплаштириб, унинг ҳаракати нотўғри эканини тушунтириш эди. Лекин шунда ҳам ишонч рақамидаги ходимга вазият қайси дорихонада бўлаётганини айтмоқчи эмасдим”, дейди у.

Аббос Салайдинов солиқ хизматининг ишонч рақамини қидириб турганида, дорихонадаги сотувчи йигит уни дорихонага олиб кирган, ичкарига кирган заҳоти сотувчи йигит мижозлар кўз олдида унинг юзига мушт тушириб: “Ҳали солиққа айтмоқчи эдингми”, деб куракда турмайдиган сўзлар билан сўккан.

“Шу козёл бизни жаримага тушириб юрган экан. Мана ушладик”, дея дорихонадагиларга юзланган у. XXI асрда мижозга нисбатан қилинаётган бундай муносабатдан шокда эдим, дея вазиятни тасвирлайди Аббос Салайдинов. Унинг сўзларига кўра, шу вақтда дорихона эгаси ҳам пайдо бўлган.

“Уларга қаршилик қилишимга қарамасдан, дорихона ходимлари 2-3 киши бўлиб мени ичкарига – дорилар сақланадиган омборга торта бошлади. Шу жараёнда дорихона эшиклари ичкаридан ёпиб қўйилди.

Куч ишлатиб, омборхона ичкарисига олиб киришди. Дорихона эгаси дорихона сотувчилари кузатувида мени “ифлос, козёл” дея ҳақорат қилиб, тинимсиз дўппослади. Из қолдирмаслик учун юзимга урмай, кўкрагимга, елкамга, курагимга жами ўндан ошиқ мушт туширди. Куч ишлатиб чарчагандан сўнг, сўроқ қилишга тушди. Кимлигимни, қаерда ишлашимни, қаерда яшашимни, дорихонага нима мақсадда келганимни сўради.

Ундан шу саволларни нега зўравонлик қилиб, куч ишлатишдан олдин бермаганини сўрадим. У ўзи яшаб турган ҳудудни назарда тутиб: “Бу ерда ақл эмас, мушт ишлайди” деди муштини кўрсатиб”, – дея ҳикоя қилади жабрланувчи.

Аббос чекни сўрашдан мақсади солиқ иловаси орқали кешбэк олиш (давлат бюджетидан тўланади) бўлганини айтган. Шуни тушунтиришга ҳаракат қилиб, телефонидаги “Soliq” иловасини, унда сканер қилинган чекларни кўрсатган. Бироқ дорихона эгаси тушунишни истамай, “Soliq” иловасини кўриши билан тутақиб кетган ва унинг “козёл”лигига “ишончи ортиб”, яна мушт ишлатишга ўтган.

“Икки кун олдин ҳам жарима тўлагандим. Кап-катта эркаксан, уялмайсанми шу ҳаром пулдан тирикчилик қилишга? Ота-онангни олдига олиб бориб уялтирайми? Аввал ҳам биттаси қўлимга тушиб қолганди. Уни ҳам эсини киритиб қўйганимдан кейин акаси олдимга келиб узр сўраб кетди. Сенинг ҳам ортингдан кимдир келиб бошини эгиб туришини хоҳлайсанми?” – деган дорихона эгаси.

Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб кучга кирган тартибга биноан, харид учун чек берилмагани ҳақида солиқ органига хабар берганларга мукофот тўланади. Мукофот қиймати – тадбиркордан ундирилган жариманинг 20 фоизи.

Бу тартиб кучга кириши билан, жойларда харидорлар ва тадбиркорлар ўртасида низолар келиб чиқа бошлади. Тадбиркорлар айрим фуқароларни дўкондан атайин чек олмай, сўнг чек берилмагани ҳақида солиқ органларига хабар беришда айбламоқда. Бунинг ортидан тадбиркорлар жаримага тортилиши, айрим харидорлар “самосуд” қилиниши ҳолатлари кузатиляпти.

“Агар мақсадим дорихонани жаримага торттириб, ундан улуш олиш бўлганида сотувчидан чекни сўраб ўтирмаган бўлардим. Чек бермаган дўкон ва дорихоналарни жаримага торттириб, улуш олишни касб қилиб олганлар дўконларда ўзига шубҳа уйғотмаслик учун сотувчилардан умуман чек сўраб ўтирмайди”, дейди Аббос Салайдинов.

У тадбиркорга банк картасидан харид қилинганда ҳам қоида бўйича QR-кодли чек берилиши лозимлиги, Тошкентдаги дўкон ва супермаркетларда шундай чек берилишини айтган. “Буёқда қонун ишламайди, қонунингни Тошкентга бориб талаб қиласан”, деган бунга жавобан дорихона эгаси.

“Қонунингни Тошкентга бориб талаб қиласан”

Тадбиркор сўроқ давомида турли таҳдидлар ҳам қилган. Хусусан, бўлиб ўтган воқеа ҳақида бирор ерга шикоят қилса, эртага ўзи Тошкентга қайтиб кетиши, Термизда эса опаси ёки синглиси қолишини, кутилмаганда уларга бир нима бўлиб қолиши, яъни кимдир уларнинг номусига тегишини айтиб таҳдид қилган.

“Роппа-роса бир соат давом этган “тергов” якунида ҳеч қаерга шикоят қилмаслигимни айтиб, дорихонадан чиқдим. У эса яна бир марта ҳеч қаерга хабар бермаслик ҳақида огоҳлантириб, ўйлаб иш қилишимни айтиб, “душманнинг биттаси ҳам кўплик қилиши” билан таҳдид қилди

Дастлаб воқеа ҳақида оммага эълон қилмоқчи эмасдим. Лекин деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда чек сўраган харидорларнинг сотувчилар томонидан ҳақорат қилингани ёки солиққа хабар бериб, жариманинг улушидан тирикчилик қилиб юрган уддабуронларнинг “самосуд” қилинаётганини кўравериб, бу тизимли муаммо эканига амин бўлдим.

Мен ушбу воқеаларнинг ўзи эмас, уларга сабаб бўлаётган омиллар кўпроқ муҳокама қилинишини хоҳлайман. Бундай ҳолатларга тизимли ечим, олтин ўрталиқ топилишини хоҳлайман.

Ё солиқ тизими тадбиркорларга нисбатан адолатсиз ишлаяпти ё айрим тадбиркорлар даромадини яшириб инсофсизлик қиляпти ёки ҳар иккала вариант ҳам биргаликда амал қиляпти. Йўқса, бундай ҳолатлар юзага келиши керак эмас. Нормал жамиятларда бундай ҳолатлар юз бермайди.

Халқ бир-бирига душман бўлиб қоляпти. Бирор ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берсанг, жаримадан улуш олиш ниятинг бўлмаса ҳам, сен “козёл” ёки “терпила”га чиқасан. Солиқ бўйича ҳам, йўл ҳаракати ҳуқуқбузарликлари бўйича ҳам худди шундай”, дейди Аббос Салайдинов.

“Танишларимга берганимда, ўлдириб юборган бўларди”

У вазият жиддийлигини таъкидлаб, дорихона эгасининг сўзларини эслади: “Сен дўппосланиб, осон қутуляпсан. Агар сени бошқа дорихоначи ёки дўкончи танишларимга берганимда, ўлдириб юборган бўлишарди. Сендайларни излаб, қонингга ташна бўлиб юришибди”.

Салайдиновнинг таъкидлашича, эртага дўкон ёки дорихонада чек сўраган бирор мижоз оломон қилиниб, ўлдириб қўйилмасидан аввал, вақтида чора кўриш керак.

ИИБ жиноят аломатларини тополмади

Аббос Салайдинов ҳолат юзасидан ИИБ ва Солиқ қўмитасига мурожаат қилган. Сурхондарё вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, суд тиббиёт экспертизаси 24 март куни жабрланувчи “енгил” тан жароҳати олган дея хулоса берган.

Терговга қадар текширув бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқламади. Шу сабаб жиноят иши қўзғатиш рад этилиб, сотувчи С.Р. ва дорихона эгаси Ш.Н.га нисбатан МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат) ва 52-моддаси 2-қисми (қасддан енгил тан жароҳати етказиш) билан маъмурий иш қўзғатилган.

Ички ишлар органи, шунингдек, Аббос Салайдиновнинг ўзига нисбатан ҳам ҳақорат моддаси билан маъмурий иш қўзғатган. Салайдинов эса бу туҳмат экани, уларни ҳақорат қилмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дорихоначилар ўша вақтда кузатув камерасини ўчириб қўйган.

“Дорихона ичидаги камерага ишониб ҳам сотувчи йигитнинг зарбасига ва ҳақоратига жавоб қайтармадим. Аммо мени омборга киргизишганидан сўнг, дорихона эгаси ўз ходимларига “камерадаги записни ўчиринглар” деб топшириқ берди”, – дейди у.

Ҳар иккала маъмурий иш бўйича материаллар 31 март куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судига юборилган.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтказилган текширувда Термиздаги дорихонада Аббос Салайдиновга чек берилмагани ҳолати тасдиқланган ва молиявий жарима қўллаш юзасидан баённома тузилган. Мазкур баённома асосида жарима қўллаш тўғрисидаги қарор 15 кунгача муддатда қабул қилиниши айтилди.

Таҳририятдан: Давлат солиқ қўмитаси харид чеки билан боғлиқ “самосуд” ҳолатлари юзасидан сукут сақламоқда. Кешбэк ва жарима суммасидан рағбатлантириш тартибининг ташаббускори бўлган, буни кенг тарғиб қилиб келаётган ДСҚ ўзи йўлга қўйган тизимнинг эҳтимолий хавфли оқибатларидан харидорларни ҳимоя қилиши зарур.

Қўмита Термиздаги ҳолатда тадбиркорнинг хатти-ҳаракатларини қатъий қоралаб баёнот бериши, барча тадбиркорларга ҳар бир харид учун чек бериш шартлигини эслатиши мақсадга мувофиқ бўларди. Шунингдек, бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш учун чек бермаслик ҳолатлари ҳақида хабар бериш механизмини такомиллаштириш (масалан, мурожаатларга харид жараёни акс этган видео илова қилиниши) масаласи ҳам кўриб чиқилиши лозим.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид