Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Марказий банки асосий ставкасини 17 фоизга туширди
Рублнинг қисман барқарорлашуви фонида Россия Марказий банки асосий ставкасини 20 фоиздан 17 фоизга пасайтирди.
Фото: Banki.ru
Россия Марказий банки директорлар кенгаши 2022 йил 11 апрелдан бошлаб асосий ставкани 3 фоиз пунктига пасайтириб, 17 фоиз этиб белгилади. Бу Москва биржасида рубль сезиларли даражада мустаҳкамлана бошлангани билан изоҳланган.
Россия регуляторига кўра, мамлакат иқтисодиёти учун ташқи шароитлар оғирлигича қолаётган бўлса-да, мамлакат молиявий барқарорлиги учун хатарлар ўсишдан тўхтаган.
«Муддатли депозитлар бўйича маблағларнинг барқарор оқими кузатилмоқда. Нархнинг ўсиш суръати сўнгги пайтлардаги рубль курсининг қисман барқарорлашуви туфайли пасайди. Пул-кредит сиёсатининг қаттиқлашуви Марказий банк ва ҳукумат томонидан бошланган кредитларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳисобига қисман қопланди», дейилади Россия регулятори баёнотида.
Аввалроқ, Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин санкциялар ва рублнинг қулаши сабаб Марказий банк ставкаси 9,5 фоиздан 20 фоизгача оширилганди.