Жаҳон | 18:38 / 10.04.2022
16447
1 дақиқада ўқилади

Германия бомбапаналарини мустаҳкамлайди, сиреналар учун 88 миллион евро ажратилди

Германия ертўлалардаги бомбапаналарнинг ҳолатини яхшилаш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таянган ҳолда Reuters ёзмоқда.

Фото: AP

Манбада ёзилишича, Украинадаги уруш Германияда мудофаа соҳасини қайта ислоҳ қилишга ундаган. Канцлер Олаф Шольц армия харажатлари 100 миллиард еврога оширилишини маълум қилди.

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фейзернинг айтишича, ҳукумат оммавий бомбапаналарни модернизация қилиш ва фуқароларни ҳимоя қилишга эътиборни кучайтирмоқчи: «Ҳозирги вақтда Германияда 599 та бомбапана бор. Имкон қадар уларнинг кўпроғини таъмирлаш вариантини кўриб чиқамиз», деган вазир.

Унинг айтишича, Германия бомбапана вазифасини ўташи мумкин бўлган ерости парковкалари, метро станциялари ва ертўлаларни мустаҳкамлаш лойиҳалари устида ишламоқда. Ҳукумат огоҳлантирувчи сиреналар ўрнатишга аллақачон 88 миллион евро ажратиб бўлди.

Шунингдек, Германия уруш эҳтимоли учун озиқ-овқат, тиббиёт буюмлари, ниқоблар ва дори-дармон захираси яратиш устида иш бошлаган.

Мавзуга оид