Жаҳон | 11:40 / 27.09.2024
2676
3 дақиқада ўқилади

Писториус: Германия РФни Европада тийиб туриш устунига айланишга тайёр

Россиянинг Европадаги тажовузини тийиб туришнинг асосий устуни Бундесвер бўлиши мумкин, деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари. Борис Писториус 2027 йилгача Литвада тўлақонли бригадани жойлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади.

Фото: Lisi Niesner/Reuters

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Германия қуролли кучлари Россиянинг Европадаги тажовузкорлигини олдини олишнинг асосий устунига айланишга тайёрлигини билдирди. «Биз Европадаги марказий логистика маркази сифатида ўз масъулиятимизни тушунамиз, агар керак бўлса, қўшинлар Атлантикадан шарқий қанотга тезлик билан ҳаракатланишини таъминлаймиз», деди Писториус 26 сентябр, пайшанба куни Вилнюсда Литва парламентидаги чиқишида.

У Германиянинг НАТО қуролли кучларига қўшган ҳиссасини қуйидагича таърифлади: «2025 йилга бориб 35 мингдан ортиқ немис аскари, 200 та самолёт, иккита фрегат ва қўшимча кучлар тезкор шай ҳолатга келтирилиши мумкин». У Германиянинг 2027 йилгача Литвада тўлақонли бригадани жойлаштириш режаларини тасдиқлади ва бу йил бу мамлакатга ҳарбий хизматчиларни юборишни бошлашини таъкидлади.

«Россия учун Украина - фақат бошланиши»

Борис Писториус ўз нутқида Украина Россия учун фақат бошланиш эканлигига ишонч билдирди. «Россия бизнинг бирдамлигимизни, Европа Иттифоқи ва НАТОни гибрид усуллар билан бузишга ҳаракат қилмоқда, Путиннинг ҳақиқий душмани - бизнинг эркин ва мустақил, демократик ҳаёт тарзимиз», деди у.

Вазир 2014 йилда Қримдаги воқеалардан сўнг, «бу чақирувга жавоб бериш ўрнига «тревога сигналини кечиктириш» тугмаси босилганидан» шикоят қилди.

DW мухбири Путиннинг Россия ядровий кучларидан фойдаланишнинг янги қоидалари ҳақидаги сўзларини изоҳлашни сўраганида, Писториус шундай жавоб берди: Бу - Владимир Путин тўпламининг бир қисми. Биз ўз ролимизни таҳдидли хабарларни тарқатувчи сифатида кўрмаймиз. Бунга изоҳ беришнинг ҳожати йўқ, эртага яна бир баёнот берилади. Биз ўз йўлимиздан борамиз, вазият назорат остида эканлигини кўрсатиш учун ўзимиз тўғри деб ҳисоблаган нарсани қиламиз.

Бир кун аввал Путин Россия ядровий тийиб туриш бўйича доктринани ўзгартиргани ва ўз ҳудудига ядро зарбасини кутмасдан, ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини маълум қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид