Спорт | 15:05 / 13.04.2022
38198
14 дақиқада ўқилади

Мадридда фантастика, Мюнхенда сенсация. ЕЧЛда яримфинал учун ўйинлар

Испаниянинг икки клуби Чемпионлар лигаси яримфиналига ўтди.

Лондон жамоаси аввалига «Сантьяго Бернабеу» ўзи учун керакли бўлган уч голни урди, аммо овертаймларда мағлуб бўлиб, «Қироллик клуби»ни яримфиналга кузатиб қўйди.

Реал — Челси 2:3
Голлар:
 Родриго (80), Бензема (96) — Маунт (15), Рюдигер (51), Вернер (75).
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба, Начо (Васкес, 88), Менди (Марсело, 78), Модрич, Кроос (Камавинга, 73), Каземиро (Родриго, 78), Вальверде, Бензема, Винисиус Жуниор (Себальос, 115). 
Челси – Менди, Тиаго Силва, Рюдигер, Жеймс, Алонсо, Лофтус-Чик (Сауль, 105), Ковачич (Жоржиньо, 105), Канте (Зиёш, 100), Маунт, Ҳавертц, Вернер (Пулишич, 83).
Огоҳлантиришлар: Жеймс (10), Бензема (37), Вальверде (68), Камавинга (90+1), Зиёш (102), Ҳавертц (109), Аспиликуэта (113), Карвахаль (118).
Биринчи ўйин — 3:1.

Тухелнинг режаси
«Челси» бош мураббийи Томас Тухель ўз жамоасининг Мадридда қандай ўйнашини қуйидагича тушунтирганди: «Бизга фантастик сценарий керак». Тўғри бўлиб чиқди — сафардаги гол қоидаси бекор қилингани лондонликларнинг ишини осонлаштирганди, аммо уйдаги 1:3 ҳисобидан кейин кўклар барибир мўъжизавий ўйин кўрсатиши талаб этиларди. «Сантьяго Бернабеу»да икки гол уриб, ўйинни қўшимча бўлимларга ўтказиш ҳам — жуда мураккаб вазифа эди.

Буни уддалаш учун Тухел шундай режа ўйлаб топиши керак эдики, бу Карло Анчелотти учун тушунарсиз бўлсин. Бундай иш немис мутахассисининг қўлидан келарди: «Стэмфорд Бриж»даги ўйиннинг иккинчи бўлимида, 46-дақиқада Бензема ҳет-тригини амалга оширганидан кейинги вақт давомида инглизлар ёмон ўйнашмаганди, бу вақтда жамоа ўз дарвозаси томон бирорта зарба берилишига йўл қўймаганди.

Ўша учрашувда танаффусдан кейин «Челси» тўрт ҳимоячили схемага ўтди — Тухель «Сантьяго Бернабеу»да ҳам айнан шундай блок танлади. Шу билан бирга, у барчани чалкаштириб юборди. Шанба куни унинг жамоаси АПЛ ўйинида «Саутҳемптон»га жавобсиз олти гол урган ва иккинчи бўлимда мураббий кутилмаган тактик ғояни синаб кўрганди: Жеймсни ҳимоя учлиги марказига қўйиб, Лофтус-Чикдан — ўнг қанот латерали ясаганди. «Реал»га қарши ўйин бошланғич таркиби эълон қилинганида, кўпчилик «Челси» футболчилари шундай жойлашишини кутишди — барча ноодатий тактика шу ўйин учун тест қилинган деб ўйлаганди.

Меҳмонларнинг идеал старти
Аммо Тухель 4-3-1-2 схемасини танлади ва ўйиндан олдинги интервьюсида мадридликларга қандай қаршилик қилмоқчилиги ҳақида гапиришни лозим топмади. Футболда барча жиҳатлар муҳим: германиялик мураббий ўйин стартига 15 дақиқа қолганида ҳам ўз тактикасини ошкор этишни хоҳламади. Жеймсни ҳимоя тўртлигида кўриш одатий ҳолат эмас, у — ҳужумкор ҳимоячи, аммо бу ўйинда Рис Винисиусга бириктирилди. Умуман олганда, «Челси»нинг ҳимоядаги режаси ўзини оқлади: «Реал» бир ярим бўлим давомида дарвоза соҳасига бирорта аниқ зарба ҳам, жарима майдони ичидан зарба ҳам йўллай олмади. Барча зарбалар узоқ масофалардан берилди ва хато кетди. Ҳатто Бенземанинг магияси йўқолиб қолди — француз футболчиси ўйиннинг бу қисмида шунчаки ўйиндан узилиб қолди.

Анчелотти эса ўйин тузилмасини ўзгартирмади ва таркибда ҳам фақат битта мажбурий ўзгариш қилди — дисквалификацияга учраган Эдер Милитао ўрнини ҳимоя марказида Начо эгаллади. Айнан шу ҳудудда 15-дақиқада суст ҳаракат қилди: «Челси»нинг узоқ давом этган ҳужумидан кейин Алабанинг асаблари дош бермади ва ўз позициясини ташлаб тўп томон олдинга борди ва Маунт учун бўшлиқ қолдирди. 0:1 — Тухел учун идеал старт бўлди, ўйин арафасида у тезкор голни хоҳлашини айтганди.

«Реал» эса жуда пассив эди — худди 1/8 финалнинг «ПСЖ»га қарши илк ўйинидаги каби. Бу ўйинда яхшироқ прессинг уюштирилди, аммо «Челси» бундай босим остида ўйнай олади: биринчидан, Лондондаги даҳшатдан кейин Мендини тўпга яқинлаштиришмади, иккинчидан қанотлар жуда фаол очилди, бу орқали кўклар прессинг-қопқонларни айланиб ўтишди. Аммо инглизлар танаффусга қадар жуда муҳим бўлган иккинчи голни ура олишмади.

Вернернинг порлаши
Тухелнинг мураккаб схемасидан ташқари бошқа кўплаб ғоялар ҳам тайёрланганди. Вернер қўлидан келганча яхши ўйнади: ҳимоячиларни ўзи билан олиб юриб, Ҳаверц ва доимий равишда ҳужумларга қўшилган Лофтус-Чик учун бўшлиқлар очиб берди. Рубен эса гибрид амплуадаги фаоллиги билан ҳайрон қолдирди. Ўтган мавсумда «Фулҳэм»да у баъзида ягона ҳужумчи позициясида ўйнаб турарди, бу ўйинда эса бир вақтнинг ўзида икки ролни бажара олди ва бу жамоага катта фойда келтирди.

«Реал» аста-секин «Челси»нинг позицион ҳужумларига мослашди, аммо стандарт вазиятлар ҳақида унутди — Рюдигер бурчак зарбасидан кейин боши билан дарвоза тўрини ишғол этиб, икки ўйин натижасига кўра ҳисобни тенглаштирди. Бу вақтда «Қироллик клуби» мухлислари ижтимоий тармоқларда шовқин кўтаришди: уларнинг наздида аслида тўп «Челси» футболчисидан майдон ташқарисига чиққан ва бурчак зарбаси белгиланмаслиги керак эди. Аммо ВАР бундай вазиятларни кўриб чиқмайди. Шу билан бирга, видеоарбитрлар кейинроқ Алонсо гол урган вазиятни ўрганиб чиқишди ва арбитр қўл билан ўйин учун голни бекор қилди.

Бу вазиятда испаниялик футболчи Куртуа дарвозаси «тўққизлиги»ни нишонга олишидан олдин тўп ҳимоячининг бармоқларини силаб ўтди. Бундай ҳолатларда гол бекор қилиниши кўп жамоаларнинг кайфиятини тушириши мумкин, аммо «Челси»нинг омади келди — кейинги эпизодларда Бенземанинг зарбаси дарвоза тўсинига тегди, Крооснинг жарима нуқтасидан тепган тўпини Менди бир амаллаб қайтарди. 

Ҳали ҳам кўкларга гол керак эди ва у урилди. Яна «Реал» ҳимояси маркази панд берди ва яна ҳимоячилар орқани ёпишни унутишди, сўнгги бир ярим мавсумда кўпчиликнинг кулгисига қолган, бу оқшом эса учинчи голни урган Вернер қаҳрамонга айланиши мумкин эди.

Аммо «Реал» шундай ёмон ўйнаган куни ҳам қайта олди, чунки Лука Модрич ҳамон футболда. Хорватиялик футболчи ҳам бу кеча энг яхши ўйинини ўтказмаётганди, аммо у керакли паллада эндигина майдонга тушган Родригони ақл бовар қилмас пас билан таъминлади ва ўйин овертаймларга ўтди.

90-дақиқа ўтиб бораётганда айтиш мумкин эдики, бу оқшом Мадрид тарихига афсонавий ўйинлардан бири сифатида киради. Тухель биринчи ўйиндан кейин «Челси»да яримфиналга чиқиш учун имкон йўқлигини айтганди, аммо у ўзининг янги ғоялари билан бажариб бўлмас ишни деярли уддалади. Лондондаги 1:3 ҳисобидан кейин «Бернабеу»да 0:3 ҳисоби бўлиши — фантастик ўйинларга хос сюжет.

Аммо «Реал» энди имкониятини бой бериб қўймади: овертайм бошланиши биланоқ Бензема бутун ўйин давомида ўзидан кутилган ишни қилди. Энди майдонда Лондонда ўйнаган жамоа эди — гол ҳам Каримнинг «Стэмфорд Бриж»даги голини ёдга соларди, бу сафар ҳам Винисиус узатма берди.

Иккинчи қўшимча бўлим Тухелнинг ғазабнок кўзлари, ўзиникиларга ва ҳакамга бақириши, шунингдек «Челси»нинг умидсиз ҳужумлари билан ёдда қолди. Лондонликларнинг мўъжиза учун лимити ўйиннинг асосий вақтида тугаб бўлганди.

Яримфиналга «Реал» ўтди — уларни биринчи ўйиндан кейиноқ у ерда кутишаётганди, аммо жамоа бунинг учун камбэк қилишига тўғри келди.

Эмери «Ювентус» ортидан «Бавария»ни дам олишга жўнатди

Бавария — Вильярреал 1:1
Голлар:
 Левандовски (52) — Чуквуэзе (88).
Бавария – Нойер, Эрнандес (Дэвис, 87), Упамекано, Павар, Горетцка, Киммих, Мусиала (Гнабри, 82), Мюллер (Шупо-Мотинг, 90), Левандовски, Коман, Сане. 
Вильярреал – Рульи, Фойт, Альбиоль, Пау Торрес, Эступиньян, Ло Чельсо, Коклен (Чуквуэзе, 84), Капу, Парехо (Орье, 90+3), Херар Морено, Данжума (Педраса, 84).
Огоҳлантиришлар: Левандовски (33), Фойт (59), Ло Чельсо (90+1).
Биринчи ўйин — 0:1.

«Бавария» Юпп Ҳайнкес ва Ҳанси Флика даврида ҳам баъзи ўйинларда бўшашиб, бундеслигада кутилмаганда очко йўқотарди. Аммо ҳал қилувчи ёки тўғридан тўғри рақибларга қарши ўйинларда мюнхенликлар тўлиқ тезликда ишлашга киришар ва рақибни яксон этарди. Плей-офф бошланганида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди, Германия чемпионлари «Зальцбург»га қарши сафар ўйинда базўр мағлубиятдан қутулиб қолишганди (1:1), жавоб ўйинида эса австрияликлар тўлиқ тор-мор этилди (7:1).

Ўйиндан олдинги интервьюларда ҳам «Бавария» биринчи ўйиндан кейин «Вильярреал»дан нақадар ранжигани кўриниб турарди. Юлиан Нагельсманн ҳатто зарур бўлса «ифлос» футбол намойиш этишга тайёрлиги, тактик фоллар содир этиб, рақиб ўз ўйинини кўрсатишга тўсқинлик қилинишини айтди. Реванш ҳақида гапирар экан, «Бавария» бош мураббийи шундай деди: «Биз кўп гапирмаслигимиз керак, балки буни қилишимиз керак».

Нагельсманн рақибни бир ҳафта олдин Унаи Эмери қилгани каби ажаблантирмоқчи бўлди. Ўшанда баск мураббий мюнхенликларнинг қанотларини тўсиб қўйганди, танланган режа катта энергия талаб қилгани учун ўйиндан олдинги ла лига турида бошланғич таркибни бутунлай ўзгартириб, футболчиларга дам берганди. «Бавария» уч марказий ҳимоячили схемага ўтди, бу орқали икки мақсад кўзланганди. Биринчидан, «сариқ субмариналар»нинг зич мудофаасини қандай қилиб бўлса ҳам очиш ва кенгайтириш талаб этиларди. Иккинчидан, жамоа ўз ҳимоясидаги муаммоларни маскировка қилиши керак эди.

Танаффусга қадар вақт давомида Нагельсманн истаган нарса рўй берди, дейиш қийин. Аксинча, бўлди дейиш мумкин. Ҳимояда нисбатан тартибли ўйин намойиш этилган бўлса-да, меҳмонлар дарвозабони Рульи бўлим давомида зерикиб қолди. Баварларнинг саккиз зарбасидан фақат биттаси дарвоза соҳасига тўғри борди, шу билан бирга немислар жамоаси кроослар бўйича космик устунликка эришди (18-0). Аммо ҳужумда бундан наф бўлмади.

Мюллер ва Мусиала вақти-вақти билан ҳужумдан узилиб қолди, ҳудудларни эгаллашда тушунмовчиликлар юзага келди. Шу кунларда «Барселона» билан боғлиқ хабарлар марказида қолган Левандовски эса фақат Раул Албиол билан икки марта «қаттиқ тўқнашув» орқали ёдда қолди. Биринчи вазиятда поляк футболчига огоҳлантириш берилди, иккинчисига ҳакам алоҳида эътибор қаратмади. Аммо агар Левандовски иккинчи сариқ карточкани олиш хавфи остида қолганида ҳам, бу эпизод ВАР кўриб чиқиши керак бўлган ҳолат эмасди.

Умуман олганда, футболчини четлатиш бўйича тревога ёлғон бўлиб чиқди. Худди ушбу супертўпурарнинг келажаги борасидаги хабарлар каби, ўйин арафасида «Бавария» бошқаруви раиси Оливер Кан бу маълумотни рад этди. «У кейинги мавсумда ҳам биз билан бўлиши керак. Биз ҳар мавсумда 30-40 гол урадиган футболчининг трансферини муҳокама қиладиган даражада аҳмоқ эмасмиз», — деди мюнхенликлар раҳбари.

Самарадорлик борасидаги рақамларда Кан анча камтарлик қилди. Сўнгги икки мавсумда Левандовски клуб учун мос равишда 55 ва 46 тадан гол урган, сешанба оқшомида эса у илк имкониятидан фойдаланиб, дарвоза бурчагини аниқ нишонга олди ва мавсумдаги голлари сонини 47 тага етказиб қўйди. Бу гол урилиши мантиқий эди, чунки танаффусдан кейин «Бавария» ўзига ўхшаб ўйнай бошлади. Футболчиларнинг ҳаракати тезроқ, аниқроқ ва қатъийроқ эди. Голли ҳужум ҳам «Вильярреал» учун максимал даражада ноқулай вазиятда юзага келди — майдон марказида тўп олиб қўйилиб, меҳмонлар тезлик билан бўш ҳудудлардан фойдаланишди

Бу муваффақиятдан илҳомланган мезбонлар испанлар дарвозасига голларни қаторлаштирмаса ҳам, ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиши мумкин эди. Голли пас муаллифи Мюллерда яққол голли вазият бўлди, аммо унинг бош билан берган зарбаси бироз хато кетди. «Вильярреал» эса ўйиннинг қийин қисмида чидаб берди ва иккинчи голни ўтказмади. Ўйин якунига бориб испанлар хавфли ўйнай бошлади, Нагельсманн эса хатога йўл қўйиб, қанотга Дэйвисни чиқарди. Ушбу канадалик сунъий офсайд ҳосил қилишда жамоанинг энг заиф нуқтаси эди ва намунали қарши ҳужумни Чуквуэзе қайтариб бўлмас зарба билан якунлади.

Эмерининг футболчи алмаштиришлари самаралироқ бўлиб чиқди. Бу мавсумга қадар Чемпионлар лигаси плей-офф босқичларида бирор ғалабага эриша олмаган мутахассис энди бир уринишда яримфиналга етиб келди. Ўйин охирида ҳакам томонидан аялган Левандовски эса «Бавария» билан яна муваффақиятсизликка учради.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид