14:20 / 14.04.2022
10519

Эрондан Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий ёзиб қолдирган битиклар топилди

Битиклар Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо Машҳаднинг Тойинобод шаҳрида қурдирган масжид деворига ёзиб қолдирилган. Кўп ҳукмдор ва арбоблар бу масжидга бориб намоз ўқишни шараф деб билган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Туризм ва маданий мерос вазирлигининг маълум қилишича, Тойинобод шаҳридаги масжиддан топилган битиклар Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Турсунали Қўзиев ва Тошкент вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Мансур Исроиловнинг Эронга сафари давомида аниқланган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Турсунали Қўзиевга кўра, Эроннинг шимоли-ғарбида Темурийлар даврининг кўплаб маданий мерос обидалари бор. Амир Темур Эронга ташрифи давомида Машҳад провинциясидаги Тойинобод шаҳрида шайх Абу Бакр Зайн-ул Обиддин Тоййибиний билан учрашган ва у билан дўстлашиб қолган. Бу дўстлик ҳурмати учун Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо Тойинобод шаҳрида масжид қурдирган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

“Кўп ҳукмдорлар ва таниқли арбоблар бу масжидга келиб намоз ўқишни ўзлари учун шараф деб билишган. Масжиднинг деворида юқори мартабали меҳмонлар учун ҳурмат девори бўлиб, у ерда меҳмонлар ўз тилаклари ёки битикларини ёзиб қолдирган. Уларни кўздан кечираётиб, ажойиб янгилик – Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битикларини кашф этдик”, – деган Қўзиев.

Маълум қилинишича, битикларни илмий жиҳатдан ўрганиш давом этмоқда.

Top