Путин «Азовстал» штурмини бекор қилишга буйруқ берди
Шойгу Путинга Мариупол ва «Азовстал»даги вазият бўйича ҳисобот берди.
Россия президенти Владимир Путин Мариуполдаги саноат зоналарини штурм қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтиб, уни бекор қилишни буюрди. Бу ҳақда Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувда маълум қилди.
«Бу биз ўйлашимиз керак бўлган ҳолат, — яъни биз доимо ўйлашимиз керак, аммо ҳозирги ҳолатда кўпроқ — аскарларимиз ва офицерларимиз ҳаёти ва соғлигини. Бу саноат объектларидаги катакомбаларга (ер остидаги айланма чалкаш йўллар) тушиб, эмаклаш керак эмас», — деган Путин.
«Мазкур саноат зонасини ҳатто пашша ҳам учиб ўта олмайдиган қилиб, блоклаб қўйинг», — дея қўшимча қилган президент.
Шойгу Путин билан учрашувда «Азовстал»дан ташқари бутун Мариупол россиялик ҳарбийлар назоратига ўтганини маълум қилган. «Азовстал»да икки минг атрофида украин жангчилари яширингани, у ерда шунингдек тинч аҳоли вакиллари бўлиши мумкинлиги айтилган. Вазир завод ҳудуди ўраб олинганини қўшимча қилган.
Шойгу Украина армиясининг Мариуполдаги йўқотишларини маълум қилган: 8,1 минг ҳарбийдан 4 мингдан ортиғи ҳалок бўлган, 1478 нафар украин ҳарбийси асир тушган.
Унинг маълумотига кўра, уруш бошидан буён Россия кучлари Мариуполдан 142 минг кишини эвакуация қилган. Сўнгги кунларда Россия «Азовстал»дан тинч аҳоли вакиллари чиқиши учун сукунат режими эълон қилган, аммо у ердан ҳеч ким чиқмаган. «Аммо бошқа тинч фуқаролар, 100 мингдан ортиқ киши чиқа олди», — дея қўшимча қилган вазир.
«Ҳалигача қуролни ташламаганларнинг барчасига яна таклиф қилинг. Россия томони тегишли халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ уларнинг ҳаёти омон қолиши ва уларга муносиб муомалада бўлишни кафолатлайди. Ярадорларнинг барчасига малакали тиббий ёрдам кўрсатилади», — деган Путин.
- «Азовстал»да Украина қуролли кучларининг 36-денгиз пиёдалари бригадаси жангчилари ва «Азов» жойлашган. Украина ҳукумати маълумотига кўра, заводда ҳарбийлардан ташқари мингга яқин тинч аҳоли вакиллари бор.
- 19 апрел куни ДХР «Азовстал» штурми бошланганини маълум қилди. Мариупол шаҳар кенгаши завод ҳудудига бункер бузувчи жуда кучли бомбалар ташланганини маълум қилган, ўша куни «Азов» вакиллари завод «деярли бутунлай яксон бўлгани»ни хабар қилишди.
- 17, 19 ва 20 апрел кунлари РФ мудофаа вазирлиги «Азовстал»да қолаётган украин ҳарбийларига қуролларни ташлаб, таслим бўлишни таклиф этди. «Азов» жангчилари эса Мариуполни тарк этишга тайёрликлари, аммо қуролларни ташлаб, асирга тушишга рози бўлмасликларини маълум қилишган.
- 21 апрелга ўтар кечаси Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Азовстал» заводи кун охиригача — «тушликдан олдин ёки кейин» эгалланиши ҳақида айтди.
Мавзуга оид
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
16:39 / 26.11.2024
Путин МДҲ ва қўшни минтақаларда вазиятни беқарорлаштиришнинг олдини олишга чақирди
17:53 / 23.11.2024
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33 / 23.11.2024