Иқтисодиёт | 11:34 / 21.04.2022
25528
2 дақиқада ўқилади

Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартибига ўзгартириш киритилди

Президент қарорида белгиланишича, 1 квадрат метр учун минимал қиймат тартиби эндиликда миноралар, кўприклар (эстакадалар), резервуарлар (ўт ўчириш иншоотлари, цистерналар), бостирмалар, шийпонлар, бетон майдонлар ва деворлар (бордюрлар) учун қўлланмайди.

“Бюджетлараро муносабатлар ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарорида кўзда тутилишича, юридик шахслар томонидан эгалик қилинувчи кўчмас мулк объектларининг 1 квадрат метри учун белгиланган миқдор амалдаги энг кам мутлақ миқдор қийматидан баланд бўлган ҳолларда, уларга объектлар қийматини баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда мустақил баҳолаш ваколати берилмоқда. 

Бунда юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда сўнгги икки йил давомида баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда ўтказилган мол-мулкни баҳолаш натижалари асос сифатида қабул қилинади.

Маълумот учун, жорий йил 1 январдан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси амалдаги 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилганди. Шу билан бирга, 1 квадрат метр учун минимал қиймат ҳам белгиланган:

  • Тошкент шаҳрида – 2,5 млн сўм;
  • Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – 1,5 млн сўм;
  •  қолган ҳудудларда – 1 млн сўм.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, 1 квадрат метр учун минимал қиймат тартиби эндиликда миноралар, кўприклар (эстакадалар), резервуарлар (ўт ўчириш иншоотлари, цистерналар), бостирмалар, шийпонлар, бетон майдонлар ва деворлар (бордюрлар) учун қўлланмайди.

Белгиланган энг кам мутлақ миқдор қўлланмайдиган объектлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси таклифлари асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик бўйича олий таълим муассасаларида талабалар турар жойларини барпо этиш лойиҳалари тадбиркорлик субъектининг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан белгиланган шартлар асосида молиялаштирилган ҳолларда қурилган бино ва иншоотларнинг (бундан ер майдони, бино ва иншоотларнинг умумий фойдаланишга мўлжалланган коммуникация тармоқлари эгаллаган қисми мустасно) 20 фоизидан ошмаган қисми қонунчиликда тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун маҳаллий хусусий шерикка мулк ҳуқуқи асосида ўтказилади.

Мавзуга оид