Ўзбекистон | 08:05 / 30.11.2021
3164
2 дақиқада ўқилади

Юридик шахсларга вақтинчалик бирлашмалар тузиш ҳуқуқи берилади

Президентнинг “Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Юридик шахсларга Ўзбекистонда консорциум шартномасига мувофиқ вақтинчалик бирлашмалар тузиш ҳуқуқи берилади.

Белгиланишича:

  • консорциум шартномаси фақат тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахслар ўртасида аниқ бир хўжалик вазифаларини бажариш ва иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш учун тузилади;
  • консорциум шартномаси тузиш ва консорциумга янги иштирокчини қабул қилиш фақат Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади;
  • консорциум ўз мақсадига ресурсларни бирлаштириш ва муайян ҳаракатларни биргаликда бажариш орқали эришади;
  • консорциум иштирокчилари унинг фаолияти билан боғлиқ мажбуриятлар бўйича солидар жавобгар бўлади;
  • вақтинчалик бирлашма юридик шахс ҳисобланмайди.

2022 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижро этувчи органи раҳбари лавозимига корпоратив бошқарув малака аттестати мавжуд бўлган шахслар сайланиши (тайинланиши) мумкин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда талабгорларни Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида ўқитиш бўйича махсус ўқув дастурларини тасдиқлаш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид