Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик шахслар бирлашмалари фаолиятига доир айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар:
Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Юридик шахслар бирлашмаларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом;
Юридик шахслар бирлашмаларини тугатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш Давлат хизматлари марказлари томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда юридик шахслар бирлашмаларини Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш имкониятини яратади.
Юридик шахслар бирлашмаларини тугатиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, юридик шахслар бирлашмасини тугатиш бўйича давлат солиқ хизмати органлари, давлат статистика органлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда тижорат банклари билан ўзаро маълумот алмашиниш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими воситасида амалга оширилади.
Юридик шахслар бирлашмасини ихтиёрий тугатиш мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
Юридик шахслар бирлашмасини ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг таъсис ҳужжатларида шунга ваколат берилган юқори органи томонидан қабул қилинади.
Тугатувчи тайинланган вақтдан бошлаб юридик шахслар бирлашмаси ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар унга ўтади.
Тугатувчи тайинлангандан сўнг юридик шахслар бирлашмаси бошқарув органлари томонидан икки кун муддатда унга юридик шахслар бирлашмаси фаолияти билан боғлиқ барча ҳужжатларни, юридик шахслар бирлашмасининг муҳри, штамплари (агар мавжуд бўлса) ва бошқа мол-мулкни топширади.















