«Санъат асарларимни чет эл музейига қўймоқчиман» – қўштепалик кандакор уста
Фарғона вилояти Қўштепа тумани Сармазор маҳалласида металлдан ясалган бадиий буюмларга бўртма усулда ишлов бериш – кандакорлик билан шуғулланувчи уста ҳунарманд Акрамхон Юнусов истиқомат қилади. У мисдан офтоба, патнис, чой идиш, кўза, қумғон, самовар каби бежирим маҳсулотлар ясайди.
Акрамхон Юнусов дастлаб эски буюмлар сотиладиган жойда савдо-сотиқ қилди. Унинг ҳунар ўрганишга бўлган иштиёқи айнан бозорда шаклланди. Ҳунарманд билан суҳбатимиз кандакорлик касби, унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида бўлди.
«Бир муддат эски буюмлар сотиладиган бозорларда савдо-сотиқ қилиб юрдим. Тошкентдаги Янгиобод бозорига бордим, у ерда сотиладиган санъат асарларини кўриб кандакорликка қизиқиб қолганман.
Янгиободда мисгарларнинг иш жараёнларини кўрдим, менда ўша ерда ҳунармандчиликка кўникма ҳосил бўлган. Шундан кейин Марғилон шаҳрига келиб бу ҳунарни ўрганмоқчи бўлганимда устозлар кандакорлик мураккаб касблиги, ҳунарни ўзлаштириш учун камида 5 йил вақт кетиши ҳақида таъкидлашган. Оилада рўзғор тебратиш менинг гарданимда эканлиги боис ҳунар ўрганишни ортга суришга мажбур бўлганман. Соҳани ўзлаштиришга астойдил интилиш бўлганидан уйда мустақил равишда металларга ишлов беришни ўргана бошладим.
Орадан бир оз муддат ўтиб, Аъзамхон исмли ҳунармандга шогирдликка тушдим. Ўша ерда секин-асталик билан соҳани ўргандим», – дейди ҳунарманд.
Ҳунарманднинг икки ўғли отасидан кандакорлик санъатини ўрганишди. Тўнғич ўғил Муҳаммадалихон нақш чизса, кичиги Муҳаммадюсуфхон идиш ясайди.
«Эски буюмлар сотиладиган бозордан мис лаган, патнис ва листларни топиб, уни ҳар хил шаклга келтирамиз. Бу санъат турида қолип ва андоза бўлмайди. Масалан битта чойнак ўртача ҳисобда бир ҳафта ёки 10 кунда тайёр бўлади.
Катта ўғлим Муҳаммадалихон нақш чизиб беради. Кичик ўғлим Муҳаммадюсуфхон идишлар ясайди. Келажакда икки ўғлимни етук уста қилиб етиштирмоқчиман.
Бу ҳунарни ўрганиш йўлида бошимдан кўп қийинчилик ўтган. Анча-мунча уста-ҳунармандлар ўз санъатини ўргатгиси келмади. Шунга қарамай, шогирд бўлиб ойлаб, йиллаб юрмадим.
Аввало бирор буюм ясашдан аввал листни қирқиб, уни доира шаклига келтириб оламиз ва бир-бирига боғлаймиз. Чокини эса автоген ёрдамида улаймиз. Улаш жараёнида идиш думалоқ шаклга келади. Дупояда айлантириб уриб чиқамиз. Болғача ёрдамига идишни уриб-уриб санъат асарини исталган шаклга келтирамиз. Қопқоқ ҳам худди шундай алфозда қилинади. Жўмрагини ясаш жараёни мураккаброқ.
Эски буюмлар бозори ва одамларнинг уйида қолиб кетган қадимий мис идишларни сотиб олиб маҳсулот ясаймиз. Сариқ листнинг бир килограммини 50-60 минг, қизил мис маҳсулотни эса 80 минг сўмдан сотиб оламиз», – дейди у.
Мисга ўйиб туширилган нақшли идишлар 15 кундан 25 кунгача бўлган вақт оралиғида тайёр ҳолга келар экан.
«Мен идишларнинг “фигурасини” чиқариб берганимдан кейин тўнғич ўғлим камида 15 кун давомида нақш ўяди. Бир офтобамиз 1 500 000 - 1 800 000 минг сўмдан сотиляпти. 20-25 кунда битадиган кўзли бежирим маҳсулотларни эса 2 миллион -2 ярим миллион сўмдан сотяпмиз. Асарларим орасида энг қиммати – 6 та пиёла ва битта лагани билан уч ярим миллиондан 4 миллион сўмгача сотиляпти.
Ясаган маҳсулотларимни сотиш учун бозорга ҳам олиб чиққанман. Қимматлиги учун кўпчилик сотиб олмади. Бухоро ва Самарқандга олиб бориб сотиб ҳам келдим. Фестивалларга ташриф буюрган чет элликларга буюртма асосида идишлар тайёрлаб сотдим.
Авваллари ясаган идишларимни жойлаш учун 150 минг сўмдан қути сотиб олардим. Бу ишга оила аъзоларимни ҳам жалб қилай деб қути ясашни ўзим ўргандим. Ҳозирда онам ва турмуш ўртоғим қутисини ўзлари ясашяпти. Қутига жойланган санъат асарларимни чет элларга олиб кетишяпти.
Қизил мис чойнакда чой ичиш инсон организмига фойдалилиги учун ҳозирги кунда чойнагимизга талаб катта.
Келажакдаги ягона орзуйим – ясаган маҳсулотларимни чет эл музейларига қўйиш», – дейди ҳунарманд.
Ҳунарманд билан боғланиш учун маълумотлар: Фарғона вилояти, Қўштепа тумани, “Сармозор” МФЙ Бодомзор кўчаси 180-уй.
Телефон рақами: (93) 248-58-18; (90) 631-58-18.
Телеграм: @Akramxon_Yunusov
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024