Ўзбекистон | 07:54 / 23.04.2022
49973
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга янги ташқи ишлар вазири керакми? Сиёсий таҳлилчи билан суҳбат

Шу кунларда Ташқи ишлар вазирлиги ва ташқи савдо вазирликлари бирлаштирилиши ҳамда унга Сардор Умрзоқов раҳбар бўлиши ҳақидаги гап-сўзлар Ўзбекистонда кўп муҳокама қилинмоқда. Умрзоқов ёш раҳбарлигини инобатга олиб, хурсанд бўлаётганлар ҳам, бу гаплар Абдулазиз Комиловнинг Украина бўйича Ўзбекистон позициясига оид баёнотидан сўнг тарқалганидан хавотирга тушаётганлар ҳам, икки вазирликнинг бирлаштирилиши принципиал хатоликлар яратишини айтаётганлар ҳам бор.

Kun.uz мухбири сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг Ўзбекистонда кутилаётган ушбу ўзгаришлар борасидаги фикрларини сўради.

— Камолиддин ака, икки вазирлик бирлаштирилиши мавзусига ўтишдан олдин 10 йил давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири сифатида ишлаб келаётган Абдулазиз Комилов ҳақида сўрамоқчиман. Унинг Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги фаолиятига қандай баҳо берган бўлардингиз?

— Ўтган даврда биз икки хил Абдулазиз Комиловни кўрдик. Биринчи Комилов Каримов давридаги вазир бўлса, иккинчиси 2016 йил, Ўзбекистонда ҳокимият ўзгаргандан кейинги Комилов.

Бу иккисини умуман бошқа-бошқа шахслар дейиш мумкин. Аввалги маъмуриятнинг сиёсий табиатидан келиб чиқиб, биз биринчи Абдулазиз Комиловнинг оҳангини ва қарашларини эшитмадик. У даврнинг қонуниятида фақат битта сиёсатчи, битта дипломат, битта иқтисодчи ва битта хўжаликчи бор эди. 2016 йилдан биз Ўзбекистонда турфа шахслар, турфа қарашлар ва турфа оҳанглар борлигини кўрдик.

1999 йилда Тошкентдаги феврал портлашлари пайтида бўлиб ўтган жуда қисқа вақтли брифингларда Абдулазиз Комилов ташқи ишлар вазири ва хавфсизлик кенгаши котиби сифатида чиқиш қилганди. Аммо шундан кейин у яна йўқолиб қолди. Иккинчи маъмурият даврида эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва вазирнинг ўзи дипломатлар қилиши керак бўлган ишларни бажариб бошлади. Аммо дунё стандартларига ҳали ҳам етилгани йўқ. Чунки одатда ҳар қандай воқеа юз бераркан, давлатларнинг ташқи ишлар вазирлиги ёки вазирнинг ўзи унга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда муносабат билдиради. Кейинги даврда Ўзбекистонда мана шундай ҳаракатлар қисман бўлди. Лекин буни тизимли равишда ҳар доим амалга ошириляпти, дейиш имконсиз.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, биринчи Абдулазиз Комилов бу жамоатчиликка нотаниш ва қарашлари бутунлай номаълум шахс эди. Иккинчи маъмурият даврида биз бошқача Абдулазиз Комиловни таний бошладик.

— Катта эҳтимол билан ташқи ишлар вазири ўзгариши Ўзбекистонда ташқи сиёсат концепцияси янгиланаётган бир пайтга тўғри келишида боғлиқликлар бўлиши мумкинми? Агар шундай бўлса, бу нимани билдиради?

— Фикримча, тўғридан тўғри боғлиқлик бўлмаса керак. Мен 2016 йилги сайловдан аввал Ўзбекистоннинг янги президенти янги ташқи ишлар вазири билан фаолиятга киришса керак, деб ўйлардим. Лекин кўряпмизки, Комилов ўз фаолиятини давом эттирди. Бунда фикримча, Комиловнинг тажрибаси муҳим рол ўйнади.

Ўзбекистонда чиндан ҳам ташқи сиёсат концепцияси янгиланяпти. Аввалги концепция жамоатчиликка билдирилмаган, матбуотда чоп этилмаган, ҳатто дунё жамоатчилигидан ҳам яшириб келинди.

Савол туғилади, қандай қилиб ташқи сиёсат концепцияси жамоатчилик, ташқи дунёдан сир сақланиши мумкин? Бу жуда ғалати ва уникал ҳолат. Ўйлашимча, аввалги концепцияда минтақа атрофидан бўладиган геосиёсий босимларга барҳам бериш ва уларга қарши туриш салоҳиятини ҳуқуқий расмийлаштириш вазифаси қўйилган. Унинг янгиланиши ва жамоатчиликка очиқланиши анча вақтдан буён кун тартибида турган масала.

Вазирнинг ўзгариши эса иккала ҳаракатда ҳамоҳангликка эришишга интилиш бўлса керак. Лекин бу тўғридан тўғри бир-бирини тақозо қилувчи ҳолатлар эмас.

— Менда бундан кейинги савол — Ўзбекистонда ташқи ишлар вазири ўзгаришига чиндан эҳтиёж бормиди, деган савол эди. Сўзларингиздан келиб чиқсак, бу эҳтиёж чиндан бор эди...

— Худди шундай. Янги президент учун ўзининг ишонган ташқи ишлар вазири бўлиши жуда муҳим. Бу маъмуриятнинг обрўйи, унинг репутацияси ва унинг сиёсий мустаҳкамлигини парваришловчи омиллардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳокимиятдаги ўзгаришлар қаттиқ авторитаризмдан кейин босқичма-босқич амалга ошди. Шундан келиб чиққан ҳолда кекса ёшли кадрлар босқичма-босқич амалга алмаштирилди. Фикримча, янги ташқи ишлар вазирининг келиши иккинчи маъмуриятнинг салоҳиятини оширадиган, мавқеини мустаҳкамлайдиган омиллардан бири сифатида аллақачон пишиб етилганди.

— Абдулазиз Комиловнинг Ўзбекистон Россия-Украина урушида қандай позицияда туриши бўйича сўнгги баёноти ҳақида жуда кўп гапирилди. Унинг даволанишга кетиши олдидан қилган баёнотини чиндан катта сиёсий ирода, дадиллик дея баҳолаш мумкинми?

— Йўқ, аслида бу жуда узоқ муддат давом этган эҳтиёткорликдан кейинги хулоса. Биламизки, биринчи маъмурият даврида ҳам минтақада ягона давлат – Ўзбекистон Қрим аннексиясига икки марта нота берганди. Яъни Ўзбекистон аввал ҳам Россиянинг постсовет давлатларида халқаро ҳуқуқ нормалари тили билан айтганда, ноқонуний ҳаракатларига дадил муносабат билдирганди. Украина можароси бошланган пайтда ҳам Ўзбекистон оҳиста шаклда халқаро ҳуқуқ қоидаларини тан олиш фонида Украинанинг ҳудудий яхлитлигини урғулади.

Иккинчидан, Комиловнинг Сенатдаги баёноти якка шахс сифатида эмас, энг аввало, Ўзбекистон давлатчилигининг баёноти эди. Демакки, у президент билан келишилган. Бу, умуман олганда, Ўзбекистон давлатчилигининг манфаатларидан келиб чиқиб берилган баёнотдир. Бунинг сабаби, постсовет давлатларининг ҳар бирида у ёки бу шаклда ҳудудий зиддиятлар мавжуд. Донбасс ёки Қрим аннексиясининг тан олиниши турли занжирли реакцияларнинг бошлаб берилишига сабаб бўлади. Шунинг учун Қозоғистон, Ўзбекистон ёки бошқа давлатлар аннексияларни тан олмади, тан олмайди ҳам.

Бу – ташқи ишлар вазири ким бўлишидан қатъи назар, миллий манфаатлар масаласи. Шундан келиб чиққан ҳолда Комиловнинг дадиллик сифатида кўрилган баёноти аллақачон айтилиши керак эди. Айтиладиган фикрнинг ортга сурилиши эса жаҳон ва ҳатто Россия кўз ўнгида заиф давлатчиликнинг намоён бўлишидир.

— Икки вазирлик бирлаштирилган тақдирда Сардор Умрзоқов унга раҳбарлик қилиши ҳақида гапиришмоқда.

Сизнингча, Ўзбекистонда Сардор Умрзоқовдан ташқари яна кимлар бу вазифани эгаллаши мумкин ва Ўзбекистон турган айни вазиятда Умрзоқов бунга энг муносибми?

— Ўйлашимча, Ўзбекистонда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўналишда ваколатли ва малакали кадрлар жуда кўп.

Бир неча ой аввал миш-мишлар тарқалгандики, Владимир Норов бу лавозимни эгаллаши мумкин.

— Бундай фикрларни Содиқ Сафоев ҳақида ҳам эшитдик.

— Ҳа, Сафоев ҳақида ҳам чиқди бундай гаплар.

Биласизми, ташқи сиёсатни юритиш аслида президентнинг ваколати. Ўзбекистон президенти эса имкон қадар ўзи ишонган шахсни ташқи ишлар вазири лавозимига таклиф қилади.

Ривожланган мамлакатлар, масалан, АҚШ ташқи сиёсатида вазирдан кўра қудратли бўлган сенаторларни, конгрессменларни кўрамиз. Яъни ташқи сиёсатни ёлғиз вазир эмас, тўлақонли бир синф бошқаради. Шунингдек, бу синф ичида ҳам бир-бирини тийиб туриш, назорат ва саволга тутиш функциялари яхши ишлайди.

Бу борада турли ҳокимиятларнинг ташқи сиёсатга жавобгар қўмиталари профессионал ишлайди.

Агарки, Содиқ Сафоев ёки Владимир Норов каби таниқли шахслар вазир бўлмаганда ҳам уларнинг ташқи сиёсат борасидаги функциялари сақланиб қолаверади.

— Саволнинг иккинчи қисми – Умрзоқов ҳозир бу лавозимга чиндан энг муносибми?

— Сардор Умрзоқовнинг кейинги 5 йилдаги фаолияти менимча, кўпчиликни қониқтирса керак. Аслида ташқи иқтисодий алоқалар сиёсий алоқалардан кўра анча мураккаброқ. Чунки унда катта капитал, катта инвестиция муносабатлари шаклланган.

— Мен бежиз Умрзоқов бу вазифага энг муносибми, дея сўрамадим. Чунки айрим мутахассисларга кўра, унинг сиёсатда кам тажрибага эга экани ўз салбий таъсирини ҳам кўрсатиши мумкин?

— Мен аксинча ўйлайман. Фикримча, Ўзбекистон дипломатияси бу совет дипломатиясининг давоми сифатида эмас, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсати қадамларидан бошланиши керак.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг аввалги ташқи ишлар вазирлари ҳам бирор жойда интервью бериб, қизғин баҳс-мунозараларда иштирок этмаган. Улар ҳафта, ойлаб ўйланиб, кейин ўз сўзини гапирган. Бу маънода Ўзбекистон кадрларини анча шижоатли, дадиллик ва билим масаласида бошқалардан қолишмайдиган малакага эга шахслар сифатида кўраман.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид