Ўзбекистон | 17:10 / 26.04.2022
13957
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда топилган қўнғир айиқ боласи ўлдирилгани айтилмоқда

Кеча, 25 апрел куни Экология қўмитаси Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудида Қизил китобга киритилган қўнғир айиқлар топилганини хабар қилган эди. Хабарга илова қилинган она айиқ ва унинг иккита боласи суратларини қўмитага “Теракли” МФЙда яшовчилар жўнатган. Бугун Kun.uz'га ана ўша айиқ болаларининг камида биттаси ўлдирилгани ҳақида хабар келиб тушди.

Kun.uz билан боғланган фуқаро тақдим этган видеода, Экоқўм эълон қилган расмлардагига ўхшаш айиқ боласининг ўлигини кўриш мумкин. Видеода ўзбек тилида гапираётган эркак айиқ жасадини қўлида кўтаради, бошқа бир эркак ҳолатни тасвирга туширган.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, айиқ боласи бир ҳафта олдин қишлоқ одамлари томонидан ўлдирилган. Ҳозирча унинг маълумотлари асослилигини тасдиқланган эмас, ҳолат бўйича Экология қўмитасининг изоҳи кутилмоқда.

Қўнғир айиқ Европа, Осиё, Шимолий Африка ва Американинг ўрмонли ўлкаларида тарқалган. Танасининг узунлиги 2,5 метр, оғирлиги баъзан 750 килограммга етади.

Ўзбекистоннинг тоғ ўрмонларида оқ тирноқли қўнғир айиқ учрайди. Қўнғир айиқ октябр — ноябрдан март — апрелгача дарахтлар коваги, тошларнинг остидаги ковакларда, табиий чуқур жойлар ёки ўзи қазиган инига тушиб қишки уйқуга кетади. Урғочилари уяда 2—3 та, баъзан 1 ёки 4 та нимжон бола туғади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид