Спорт | 12:25 / 27.04.2022
32520
9 дақиқада ўқилади

Финалдан олдинги финал. «Сити» ва «Реал» мавсумнинг энг ёрқин ўйинини ўтказишди

Яримфинал ўйинида 7 гол урилди, плей-оффда шу вақтгача гол ўтказмай келаётган «Сити» бир ўйинда ўз дарвозасидан 3та гол олиб чиқди.

Фото: David Ramos/Getty Images

«Реал» йирик мағлубиятдан қутулиб қолди. Бензема эса «Олтин тўп» учун лойиқлигини яна бир бор намойиш этди.

Манчестер Сити — Реал 4:3
26 апрель, «Этиҳад»
Голлар: де Брюйне (2), Жезус (11), Фоден (53), Силва (74) — Бензема (33, 82 пенальти), Винисиус (55).
Манчестер Сити – Эдерсон, Стоунз (Фернандиньо, 36), Лапорт, Диаш, Зинченко, де Брюйне, Бернарду Силва, Родри, Фоден, Марез, Габриэл Жезус (Стерлинг, 83).
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба (Начо, 46), Милитао, Менди, Модрич (Себальос, 79), Кроос, Вальверде, Бензема, Винисиус Жуниор (Асенсио, 88), Родриго (Камавинга, 70). 
Огоҳлантиришлар: Фернандиньо (81), Начо (90+3).

Карло Анчелотти ўз вақтида Пеп Гвардиолага фаолиятидаги энг йирик мағлубиятни тақдим этган. 2013/14 йилги мавсум яримфиналида папа Карло бошчилигидаги «Реал» Пепнинг «Бавария»сини иложсиз қолдириб (1:0, 4:0) орзудаги Десима томон қадам ташлаган ва финалда ҳам ғалаба қозониб ўнинчи бор Чемпионлар лигасини қўлга киритганди.

Маълум бўлишича, айнан ўша вақтда «Гвардиола синдроми» пайдо бўлган, у муҳим ўйинлар арафасида ҳадиксираб, жамоа учун ноодатий бўлган қандайдир режалар ўйлаб топишга одатланган. Бунга классик намуна — 2020 йилда яримфиналда жамоа «Лион»га мағлуб бўлиб турнирни тарк этиши бўлганди.

Аммо бу сафар Пеп ҳеч қандай янги нарса ўйлаб топиб, донолик қилмади. Шу билан бирга масъулиятдан қочиш одатини канда қилмади — марказий ҳудудда Родрининг ёнида Илкай Гундўған эмас, Кевин де Брюйне ва Бернарду Силва чиқди. Бу эса ўзини оқлади.

«Реал»да ўйинда қатнашиши сўроқ остида бўлган ёки қатнашмаслиги аниқ бўлган футболчилар бир гуруҳ бўлди – Давид Алаба, Ферлан Менди, Каземиро, Гарет Бэйл, Марсело, Хесус Вальехо, Эден Азар, Лука Йович ва Мариано Диас. Бундай йўқотишлар туфайли Карло Анчелотти ўзини ҳам захира футболчиси сифатида заявкага киритиши мумкин эди. Аммо барчаси кутилганидек даҳшатли бўлиб чиқмади: дастлабки икки футболчи асосий таркибга кирди, яна тўрт нафари заявка қилинди ва фақат Азар, Йович ва Диас яримфинал ўйинини мухлислар қаторида томоша қиладиган бўлишди.

Ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ «Реал»нинг бошланғич таркибидаги футболчиларнинг барчаси ўйинга тайёр эмаслиги кўриниб қолди. «Ман Сити» мадридликларни юқори прессинг билан босиб ташлади, майдоннинг иккинчи қисмида футболчилар жойларини тез-тез ўзгартириб чалғитишди, тўп жуда тез ҳаракатлантирилди. Натижада иккинчи дақиқадаёқ ҳисоб очилди. Винисиус Жуниор ва Менди Риёз Маҳрез рақиб бўш қолдирган йўлак бўйлаб ҳаракатланишини томоша қилишди, тўп узатилган нуқтада Дани Карвахаль эпизодни Кевин Де Брюйнега ютқазди.

Янаям ёмони, «Реал» кўп ўтмай иккинчи голни ҳам осонлик билан ўтказиб юборди. Гвардиола жамоаси меҳмонлар ҳимоясини турлича юришлар ҳисобига пароканда қилишда давом этди. Масалан, ҳужум вақтида қанот ҳимоячиси Александр Зинченко вазиятга қараб марказга ўтди, бу позициядаги футболчи эса ҳужумчига айланди. Одатда Жоау Канселу шундай ҳаракатланарди, аммо португалиялик футболчи бу ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юборди. Қолаверса, иккинчи голда «Сити»нинг омади ҳам келди, Де Брюйненинг тўпни сапчитиб йўллаган узатмасидан кейин Давид Алаба тўпга тегинса-да, тўхтата олмади ва бундан Габриэл Жезус унумли фойдаланди.

«Сити»нинг устунлиги тотал устунликдек кўринди, аммо ҳозирги «Реал» иккинчи рақам остида ўйнашга хотиржам қарайди. «ПСЖ»га қарши 150 дақиқа ва «Челси»га қарши жавоб учрашувида тўлиқ шундай ўйналди. Бу жамоа учун вазиятни ўнглашга яримта имконият етарли. Бу ўйинда Бензема тўпсиз ҳам жамоасининг энг яхши футболчиларидан бири бўлаётганди, унга тўп етиб боришига йўл қўйиш эса - ўзингга ҳукм ўқиш билан баробар эди. Мадридликлар «Сити»нинг заиф нуқтасидан – мудофаанинг чап қанотидан фойдаланишди. Зинченко барибир ҳали тўла ҳимоячига айлана олмади ва Бензема украиналик футболчи билан позицияда устун келиб ҳисобни қисқартирди.

Танаффусга қадар «Реал» зарбалар бўйича «Сити» билан деярли тенглашиб олди (5:7, дарвоза соҳасига аниқ зарбалар – 2:2). Лекин меҳмонлар учун 1:2 бундай бўлим учун яхши ҳисоб эди.

Ҳисоб 2:0 кўринишида эканида Маҳрез ва Фил Фоден ўз имкониятларидан фойдалана олганида қарама-қаршилик тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлиши мумкин эди. Жазоирлик футболчи деярли яккама-якка вазиятда туриб хато зарба берди ва Гвардиолани қаттиқ ранжитди: ўнг қанотдан жарима майдонига кириб борган Маҳрез тўпни марказдан келган Фоден ёки де Брюйнега узатиш ўрнига тепишга қарор қилди — натижада «3 га 1» ҳолатидан фойдаланилмади.

Лекин Пеп учун энг даҳшатли ҳолат вазиятлардан фойдаланилмаслиги эмас, жамоаси нотўғри ўйнаши ёки вазиятни назорат қилмаслиги бўлади. Икки томонга голлар ёмғири кечадиган ўйин — «Сити» учун хос эмас. 

Иккинчи бўлим шундай бошландики, биринчи бўлимнинг сўнгги 15 дақиқалиги унутилди. «Сити» телбавор тезликда ҳаракат қилди, бундай вазиятда «Реал» автобус қўймасдан ўйнашининг имкони йўқ эди. Маҳрезнинг очиқ шеригига узатмай, дарвозага йўллашга қарор қилган яна бир зарбаси устунга тегди. Лекин инглизлар барибир учинчи голни уришди. «Шаҳарликлар»нинг голли ҳужуми рақиб ҳудудида босим ўтказиш ва тўпни олиб қўйиши билан ривожланди, бу вазиятда Винисиус Жуниор ўзига узатилган тўпни эгаллаш учун яккакурашга киришишга эринди, тўпни йўқотган Менди Фернандиньонинг кроссини тўса олмади ва Карвахаль Фоденга дарвозани ишғол этишига қаршилик кўрсатмади.

Аммо Винисиус тезда барчасини тўғрилади. Бразилиялик вингер қанотда Фернандиньони осонлик билан доғда қолдириб, олдинга югурди, бу вазиятда «Сити»нинг тажрибали сардори ҳайратланарли даражада жуда бўш ҳаракат қилди. Лекин айтиш керакки, Фернандиньо бу ўйинда ўзиники бўлмаган позицияларни ёпиш билан шуғулланишига тўғри келди, у биринчи бўлимда эски жароҳати қўзиб қолган Жон Стоунз ўрнига туширилганди.

«Реал»нинг омади келиб йирик мағлубиятдан қутулиб қолди ва ўйин охиригача интригани сақлаб қолди. Анчелотти Родриго ўрнига Эдуард Камавингани тушириши ҳисобни тенглаштириш учун ўйнашидан далолат эди. Аммо бу футболчи алмаштиришдан кўп ўтмай тўртинчи гол ўтказиб юборилди. «Реал» футболчилари жарима майдони атрофида Зинченконинг йиқилишидан кейин бир муддат диққатни йўқотишди, Тибо Куртуа ҳам яқин бурчагини назорат қила олмади ва ўйиннинг энг яхши футболчиларидан бўлган Бернарду Силва ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Аммо «Реал» барибир эпизодларни фойдасига оғдирди — жарима майдони ичида тўп Лапортнинг қўлига теккач белгиланган пенальтини Бензема «паненка» услубида аниқ амалга оширди. Француз ЕЧЛнинг бу мавсумидаги энг яхши тўпурарга айланиб олди. Энди унда 14та, турнирни тарк этиб бўлган Роберт Левандовскида — 13та гол.

Француз ҳужумчиси 34 ёшида ақл бовар қилмас ўйин намойиш этмоқда. «ПСЖ» ва «Челси»га ҳет-триклар. Энди — «Этиҳад»да «Реал» сафидаги 600-ўйинида дубль.

Бир ҳафта олдин, 599-ўйинида Бензема ла лигадаги рақибга икки пенальтидан гол уролмаганди. Шундан кейин ҳам «нуқта»га яқинлашиш — ақлсизлик. У эса зарбани «паненка» услубида тепди. Бензема май ойида «қулоқли» кубокни бешинчи бор кўтара олмаса ҳам, бу аллақачон унинг Чемпионлар лигаси. Унга ҳозироқ «Олтин тўп» топширса бўлади.

Бу шоу ҳозирча ЕЧЛ мавсумининг энг ёрқин ўйинига айланди. «Реал» якунда дарвоза соҳасига йўлланган беш зарбадан учтасини голга айлантирди, «Сити» – олтитадан тўрттасини (зарбалар сони бўйича устунли инглизлар фойдасига – 16:11). Шу билан бирга Анчелотти жамоаси майдоннинг учинчи қисмидаги узатмалар сони бўйича бир неча баробар ортда қолди (67:245). Аммо жамоа Мадридга финал учун ёмон бўлмаган имкониятни сақлаб қолган ҳолда қайтади.

Мавзуга оид