Ўзбекистон | 08:33 / 29.04.2022
7817
3 дақиқада ўқилади

Адвокатлик лицензиясини расмийлаштириш тартиби ўзгаради

Фото: Getty Images

Президентнинг «Адвокатура соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар адвокатура соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этишнинг устувор вазифалари этиб белгиланади:

  • адвокатлик фаолиятини юритишда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали адвокатура институтининг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан мустақиллигини таъминлаш;
  • адвокатлар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини самарали йўлга қўйиш;
  • махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали адвокатура соҳасининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини янада ошириш;
  • адвокатлар томонидан махсус ахборот дастури орқали жисмоний ва юридик шахсларга онлайн юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини яратиш;
  • адвокатурада зарур ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлар шаклланишини таъминлаш ҳамда маълумотларни комплекс ҳимоя қилиш ва махфийлигини таъминлаш чораларини кўриш.

Белгиланишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб:

а) адвокатлик фаолияти учун лицензия «Лицензия» ахборот тизими орқали расмийлаштирилади;

б) адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали «ягона дарча» тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга оширилади;

в) адвокатлик фаолиятини бошлашда малака имтиҳонини топшириш, адвокатлик фаолияти учун лицензия олиш, адвокатлик тузилмасини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмаларидан бирига кириш ва адвокатлик гувоҳномасини олиш бўйича композит хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилади.

Бунда:

  • малака имтиҳонини топшириш учун тегишли ҳужжатларни талабгордан олиш тартибини бекор қилган ҳолда, уларни идоралараро электрон ҳамкорлик ёрдамида олиш тизими йўлга қўйилади;
  • талабгорнинг малака имтиҳонини муваффақиятли топширгани ҳақидаги қарори ва тегишли ҳужжатлар адвокатлик фаолияти учун лицензия расмийлаштириш учун электрон тизим орқали автоматик равишда лицензияловчи органга юборилади;
  • адвокатлик гувоҳномасини махсус QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда бериш тартиби жорий этилиб, мазкур QR-код орқали адвокатнинг мақоми ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид