Ўзбекистон | 16:10 / 29.04.2022
15692
2 дақиқада ўқилади

Уруш фахрийлари 15 млн сўмдан олади

Фото: Kun.uz

9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади. Бу ҳақда президентнинг 1 майдаги фармонида кўзда тутилган.

Эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга:

  • ёлғиз яшаётган ва ўзгалар парваришига муҳтож одамлардан шахсан хабар олиб, уларга совға-саломларни етказиш;
  • уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларнинг ҳар бирининг хонадонига шахсан бориб, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни  тантанали равишда топшириш;
  • 10 минг нафар фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар билан шахсан учрашиб, ҳолидан хабар олиш ва совға-саломлар етказиш топширилди.

1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади. 

Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартибини жорий этилади.

Бунга қўшимча равишда, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига маҳаллий бюджетлар, «дафтарлар» жамғармалари ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан бу савобли ишларнинг қамровини кенгайтириш топширилди.

  • Маълумот учун, 2017 йилда уруш қатнашчилари ва меҳнатга лаёқатсиз фахрийлар учун тўланадиган ҳақ миқдори 2 млн сўм, 2018 йилда 5 млн сўм, 2019 йилда 7,5 млн сўм, 2020 йилда 10 млн сўм, 2021 йилда 12 млн сўмни ташкил этган. 
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид